Ёш фермерлар кенгаши аъзолари парранда парваришида Германия тажрибасини ўрганмоқда

03.07.2020 15:11

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 3 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ёш фермерлар кенгаши билан ҳамкорликда Германия парранда саноатида фаолият олиб бораётган юқори малакали мутахассис ватандошимиз иштирокида вебинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур вебинарни ўтказишдан мақсад мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаларига кириб келаётган ёш тадбиркор ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлаш, етакчи давлатлар тажрибаси билан таништиришдан иборат.

Семинар паррандачиликда муҳим ҳисобланган «Тухум берувчи товуқларни озиқлантириш жадвалини тузиш» мавзусида ўтказилди. Онлайн-семинарда дунёнинг етакчи компанияларидан бири «LSL Rhein-Main GmbH & Co. KG» (Германия) менежери, ватандошимиз Нуриддин Умиров иштирокчиларга немис тажрибасига асосланган қизиқарли маълумотларни тақдим этди.

Веб-семинар давомида немис компанияси вакили хориждан тухум учун келтириладиган зотдор товуқларни парвариш қилишда уларни озиқлантириш жадвали ва меъёрларининг аҳамияти, уни тузиш, керакли озуқалар билан бойитиш юзасидан атрофлича маълумот ва тавсиялар берди.

Онлайн тадбирда Ёш фермерлари кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларидаги аъзолари соҳани ривожлантириш бўйича саволларига жавоб олди.

«Zoom», «You tube» ва «Facebook» платформалари орқали ташкил қилинган видеомулоқотни  500 га яқин ватандошимиз кузатиб борди.

         Шу ўринда таъкидлаш жоиз, мазкур веб-семинар Бош консулхона томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ёш фермерлар кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган олтинчи тадбирдир. Шу кунга қадар Германияда қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан ташкил этилган онлайн учрашувларда 5 минг 500 дан зиёд ҳамюртимиз иштирок этди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net