Янги инновацион лойиҳалар ва истиқболли сармоялар йўлида

07.07.2020 14:17

BMB TRADE GROUP компанияси асосчиси Бекзод Маматқулов билан суҳбат

Бекзод Акмалович Маматқулов, ҳуқуқшунос-иқтисодчи, давлат ва жамоат ташкилотларида 16 йиллик меҳнат тажрибасига эга. 2017 йилдан буён “BMB Trade Group” инвестициявий-консалтинг компанияси асосчиси, кузатув кенгаши раиси лавозимида ишлаб келмоқда. Компания қисқа давр мобайнида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлашда қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширди. Россия, Хитой, АҚШ ва ?талиядан илғор технология, замонавий восита ва ускуналарни олиб кириш орқали қатор йирик экспорт ҳамда инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқаришда ташаббус кўрсатди.

Б.Маматқулов Янги Ўзбекистон иқтисодий дипломатияси, жумладан, халқаро майдонда ўзаро манфаатли алоқа ва муносабатларни янада ривожлантиришда мустақил фикрига эга тадбиркор.

– Ассалому алайкум. Аввало суҳбат қуриш таклифини қабул қилганингиз учун миннатдорлик билдирмоқчимиз. “BMB TRADE GROUP” компанияси халқаро бизнес ва савдо алоқаларини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, сармоявий лойиҳалар, инновацион технологиялар, замонавий агросаноат кластерлари соҳаларида самарали фаолият юритмоқда. Ва бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Келинг суҳбатимиз аввалида компаниянинг ташкил этилиши тарихи, бунга туртки бўлган омил ва мақсадлар сари ташланган илк қадамлар ҳақида сўз юритсак.

– Компаниямизни ташкил этиш ғояси 2016 йилнинг охирларида пайдо бўлди. Чунки ўша вақтдан бошлаб мамлакатнинг барча жабҳаларида туб ислоҳотлар даври бошланган эди. Тадбиркорлар учун янги имконият, давлат томонидан кафолатлар тақдим этилиб, бозор муносабатларини либераллаштириш, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, рўйхатга олиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришнинг рақамлаштирилгани, давлат идораларининг мулоқот учун очиқлиги, улар устидан жамоатчилик назорати ўрнатилгани, коррупцияга қарши муросасиз кураш шулар жумласидан.

Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистон шаклланаётгани, мамлакатда кенг қамровли чуқур ва изчил ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар рўй бераётганини миллий ва хорижий тадбиркорлар ўз фаолиятида ҳис қила бошлади. Мамлакатга сармоя киритиш истагидаги инвесторлар сони кундан-кунга ортиб бораётгани эса уларга консалтинг хизматлари кўрсатадиган компания очишга талаб борлигини кўрсатди.

Шу тариқа “BMB Trade Group” компанияси янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси ўлароқ 2017 йилнинг апрель ойида ташкил этилди.

Дастлабки интилишларимиз самараси ўлароқ Жиззах вилоятининг Арнасой туманида экин учун яроқсиз 1 минг 100 гектарга яқин ер майдонини ижарага олиб, ўз маблағимиз ҳисобига қисқа муддатларда ерга ишлов бердик. Ернинг шўрланиш даражаси бартараф этилиб, экин майдонига айлантирилди ва бир неча юзлаб доимий иш ўрни яратилди. Айни пайтда мош ва бошқа дуккакли экинлар, пахта, ғалла, шоли, кунгабоқар, саримсоқ, пиёз ва бошқа полиз маҳсулотлари етиштириб келинмоқда. Маҳсулотлар аввало ички бозорга йўналтирилди, кейинги босқичда эса Қозоғистон, Россия, Хитой, Афғонистон, Қатар ва бошқа давлатларга экспорт қилишга муваффақ бўлдик. Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси ва Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида жорий йил Россиянинг йирик савдо тармоқларига маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини узлуксиз етказиб беришни йўлга қўйдик. 2018 йилдан эътиборан йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга киришдик.

Жумладан, 2018 йил Жиззах вилояти қишлоқ хўжалигига АҚШ инвестицияси жалб қилган ҳолда пахта кластери ташкил қилинди. “Silverleafe International” компанияси билан ҳамкорликдаги “Silverleafe “BMB Agro Trade Group” қўшма корхонаси фаолияти натижасида 344 миллион долларга тенг инвестиция жалб қилиш ҳақида келишувга эришилди. Бугунги кунда ушбу замонавий пахта кластери илғор технологияларни қўллаган ҳолда самарали фаолият юритмоқда. 

?ккинчи лойиҳамиз Хитойнинг “BAY TEA GROUP” компанияси билан Ўзбекистонда «Чой етиштиришни ривожлантириш илмий-ишлаб чиқариш маркази»нинг тузилишидир. 2019-2020 йилларда компаниямиз яна икки йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Хусусан, Россиянинг “Национальная резервная” корпорацияси билан ҳамкорликда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида замонавий Агрологистика марказини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида «BMB-NRC Agrologistics» Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси таъсис этилди. Лойиҳанинг асосий мақсади – туманда, шунингдек, Жиззах ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан етиштирилган қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, калибрлаш, саралаш, лабораториялар сифат текширувини ташкил қилиш, музлатиш ва қадоқлаш хизматларини кўрсатишдан иборат.

Мазкур қўшма инвестиция лойиҳасининг қиймати 57,7 миллион долларга тенг бўлиб, унинг ўзига хос жиҳати шундаки, агрологистика мажмуасида Россия Федерациясининг “Россельхознадзор” ташкилоти аккредитациясидан ўтган лабораториялар ишга туширилиб, текширувдан ўтган маҳсулотлар учун шу ернинг ўзида тегишли сертификатлар расмийлаштирилади. Бу маҳсулотларни божхона чегарасидаги “Яшил йўлак”лар орқали Россия савдо тармоқларига чекловларсиз етказиб бериш имконини беради. Яъни Ўзбекистон экспортчилари Россиянинг ваколатли ва мутасадди идоралари тақдим этадиган расмий ҳужатларни бевосита Агрологистика мажмуасида расмийлаштириб, унинг кафолатли экспортни амалга ошириш имкониятидан фойдаланишади. Бу, ўз навбатида Ўзбекистон – Россия савдо-иқтисодий алоқаларини ва маҳаллик маҳсулотларимизнинг Россия бозорларига экспортини янада оширишга хизмат қилади.

Яна бир истиқболли лойиҳа бу – ?талиянинг “OPERA SRL” компанияси билан Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва Европа бозорларига экспорт қилиш лойиҳасидир. Шуни таъкидлаш жоиз, ушбу лойиҳалар доирасида жами 2 мингга яқин доимий ва 5 мингдан зиёд мавсумий иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Ушбу лойиҳаларнинг самарали амалга оширилишида Ташқи ишлар, ?нвестициялар ва ташқи савдо, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз, Савдо-саноат палатасининг ҳиссаси катта.

– Компания бугун халқаро ва миллий миқёсда фаол инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётгани ҳақида тўхталдингиз. Шу ўринда яқин тарихга назар ташласак. Сир эмас, бундан уч-тўрт йил бурун мамлакатга хусусий инвестицияни жалб қилиш ёки сармоядорни Ўзбекистонга олиб келиш ҳар доим ҳам осон кечмаган. 200 дан ортиқ хорижий шерик билан ишлаш тажрибасига эга компания раҳбари сифатида аввалги ва янги Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсатидаги ўзгариш, янгиланишлар, яратилган қулайликларни таққослаш сўралса, қандай жавоб берган бўлардингиз?

– Узоқ давр мобайнида нафақат инвестиция, балки бизнес соҳасида ўз ечими топа олмаган қатор муаммолар сақланиб келди. Валюта конвертацияси, даромадларнинг эркин тақсимланиши, халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш шулар жумласидан. Буларнинг барчаси мамлакатимиз имижига, инвестиция жозибадорлигига салбий таъсир қилди.

Бироқ сўнги йилларда вазият тубдан ўзгарди, изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, валюта сиёсати эркинлаштирилди, мамлакат иқтисодиётига инвестиция оқимлари кириб келиши учун қулай шароит яратилди. Энг муҳими, ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, балки халқ ҳаётини яхшилаш, аниқ натижа ва мақсадлар йўлида хизмат қилиши зарурлиги белгиланди. Натижаси эса бугун юртимизга сармоя киритиш истагидаги тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётганида намоён.

Биргина компаниямиз мисолида оладиган бўлсак, ҳозирги кунда умумий қиймати 500 миллион АҚШ доллари атрофидаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инвесторлар учун яратилган имконият самараси, давлат ва нодавлат ташкилотлар кўмаги, амалий ёрдами ва ҳиссаси натижасидир.

– Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кенг турларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда улкан салоҳиятга эга. Аммо гоҳида узоқ вақт соҳада тўпланиб қолган муаммолар ушбу имкониятларни тўлиқ ишга солишни чеклаётгани ҳақида эшитиб қоламиз. Йирик экспортчи сифатида айтинг-чи, қишлоқ хўжалиги субъектлари ўз маҳсулотларини халқаро бозорга чиқариш учун қандай жиҳатларни эътиборга олиши даркор. Халқаро стандартларни ўзлаштириш, бозорни ўрганиш ва муносиб рақобатга киришиш учун бугун биз эътибор беришимиз керак бўлган жиҳатлар қайси?

– Ҳукуматимиз томонидан экспортчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган миқдори давлат томонидан қоплаб берилиб, сертификатларга сарфланган маблағларнинг маълум қисмини қоплаш амалиёти жорий қилинган. Шунга қарамасдан мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида етиштирилган маҳсулотларнинг 15 фоизга яқинигина экспорт қилинади.

Сир эмас, аксарият маҳсулотларимиз Қозоғистон ва Россия бозорларига йўналтирилади. Россиялик ҳамкорлар билан олдиндан яхши савдо иқтисодий алоқалари ўрнатилгани, логистика билан боғлиқ муаммоларнинг йўқлиги бунинг асосий сабабидир.

Аммо Европа, Яқин Шарқ минтақаси давлатлари, Хитой стандартлари Россия талабларидан фарқ қилади. Ҳўл меваларни ушбу мамлакатларга етказиб беришда муаммо ва қийинчиликлар туғилиши мумкин. Шу боис хорижий бозорларга қуритилган органик мева-сабзавотларни экспорт қилиш истиқболли ҳисобланади.

Мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мазаси ва фойдали минералларга бойлиги билан дунёда рақобатбардош бўлса-да, Европа бозори талабларига тўлиқ мос келмайди. Чунки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар кўп ҳолларда экинларга ишлов беришда ўзлари эътибор бермаган ҳолда Европада тақиқланган минерал ўғитлардан фойдаланишади.

Европа бозорига кириб бориш бўйича олиб борган изланишларимиз, тажрибамиздан келиб чиқиб, фикримни исботлашга рухсат бергайсиз. Олиб борган маркетинг тадқиқотларимизга кўра, Европанинг қуритилган мева ва ёнғоқларга бўлган эҳтиёжи 11 миллиард евро, қуритилган сабзавотларга бўлган талаби эса 8 миллиард евродан ошади. Европа бозоридаги Вьетнам каби янги иштирокчилар тажрибаси шуни кўрсатдики, тўғри стратегия асосида иш тутилса, йилига 1 миллиард евродан ортиқ ҳажмдаги маҳсулотни Европага экспорт қилиш имкони бор. Бундан ташқари 2-3 йил ичида Европа бозори иштирокчиси сифатида импорт қилинадиган маҳсулотларнинг катта улушини етказиб берувчисига айланиш мумкин.

Компаниямиз шу каби мақсадларга интилиб, ?талия ва Франция ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳамкорликда мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш ва сақлаш бўйича замонавий технологик экспорт қилишнинг тўлиқ даврини қамраб олган лойиҳани амалга оширмоқда. Биринчи босқичда мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш ва сақлаш ?талия технологияси асосида амалга оширилади. ?ккинчи босқичда эса қуритилган мевалар Францияга экспорт қилинади, қадоқлангач Франция ва Европа ?ттифоқи бозорларига чиқарилади. Шу тариқа барча босқичларда маҳсулотлар сифатининг Европа стандартларига тўлиқ мос келиши таъминланади.

Бундан ташқари компаниямиз маҳаллий етиштирувчиларга ўзаро манфаатли шартларда консалтинг хизматларини кўрсатишга, яъни маҳсулотларнинг Европа бозорларига кириб боришига кўмак беришга тайёр.

– Фикрингизга қўшиламиз, умид қиламизки, экспорт фаолияти билан шуғулланиш арафасидаги тадбиркорларимиз тавсияларингизни инобатга олади. Қайд этиш керак, давлатимиз томонидан экспортни рағбатлантириш учун улкан ишлар қилинмоқда. Аммо ҳали олдинда турган вазифалар ҳам бисёр?

– Ҳақсиз, эътироф этадиган ютуқларимиз кўп, аммо натижа ўзимизники. Мақсад эса янги мақсад ва марралар сари интилиш экан, замон талабига мослашиш, фаолиятни танқидий таҳлил қилишда давом этиш керак.

Экспортни рағбатлантириш масаласига тўхталсак, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 7 майдаги “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида экспорт қилишда қатор маҳсулотлар учун транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган миқдори давлат томонидан қопланиши белгиланган.

Бу эса, ўз навбатида, экспорт қилинаётган маҳсулотлар таннархининг рақобатбардошлигини таъминлаб, маҳаллий маҳсулотларимизнинг хорижий бозорларда ўз ўрнини топишига имкон бермоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан чет элда ташкил этиладиган кўргазмаларда қатнашиш, шунингдек, кўрсатилган консалтинг хизматлари ва маркетинг тадқиқотлари учун сарфланган харажатларнинг маълум қисми қопланади.

Аммо шуни ҳам қайд этиш жоиз, бу жараёнда ўзимиз ҳам ҳаракат қилишимиз даркор. Европа бозорида қатъий қоида бор – истеъмолчилар ҳуқуқлари олий қадриятдир, шу боис мамлакатга кириб келаётган ҳар қандай маҳсулот барча талабларга – мувофиқлик ва қадоқлаш сертификатларига, гигиеник меъёрларга жавоб бериши керак. Ҳозирги кунда қатор хорижий ҳамкорлар инвестиция киритиб, Европа стандартлари даражасида маҳсулотларни етиштириб, қайта ишлаб, қадоқлаб, ҳаттоки кафолатланган экспортни ҳам таъминлаб беришга тайёр. Ўйлайманки, илғор агротехнологияларни, замонавий ускуна ва воситаларни кенг татбиқ этиш соҳада мавжуд кўплаб муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Қувонарлиси эса бугун босқичма-босқич ислоҳотлар самарасида маълум натижаларга ҳам эришмоқдамиз. Хусусан, Европа давлатлари Ўзбекистондан экспорт қилинаётган маҳсулотлар сифатини тан олиб, юқори баҳо беряпти.

Бугунги кунда айрим турдаги маҳсулотларимиз сифат сертификатларига эга бўлмагани боис Туркия орқали реэкспорт қилинади ва анча қиммат нархларда Европа бозорларига кириб боради. Ўйлайманки, Европа давлатлари Ўзбекистонда етиштирилган хуштаъм қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг тўғридан-тўғри етказиб берилишида манфаатдор. Ушбу талабларга жавоб бериш эса бизнинг биринчи галдаги мақсадимиз бўлиши керак.

– Сўнгги йилларда фаол иқтисодий дипломатия ибораси кенг қўлланила бошланди. Ташқи иқтисодий алоқалар, экспорт-импорт амалиётларида, салоҳиятли шериклар топишда айни иқтисодий дипломатиянинг, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг сиз раҳбарлик қилаётган компания фаолиятидаги ўрни ҳақида нима дея оласиз?

– Албатта, иқтисодий дипломатия мамлакатимизда фаол бизнеснинг ўзига хос “драйвери”га айланди. Бунда Президентимиз ташаббуси билан Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятининг қайта кўриб чиқилгани, иқтисодий дипломатияга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим ўрин тутмоқда. Ҳозирги кунда дипломатларимиз олдида янги Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини таъминлашдек улкан вазифалар турибди.

Хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консулхоналаримиз раҳбарлари, савдо-иқтисодий алоқалар учун масъул шахслар бугун асосий кучларини айнан хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш учун зарур шароит яратиб беришга қаратишмоқда.

Биргина мисол, Россия, Беларусь, Ҳиндистон, Покистон, Хитой, АҚШ, ?талия, Франция, ?спания, Буюк Британия, Польша, Туркия, Ўмон, Саудия Арабистони, ?ндонезия каби давлатларда ташкил этилаётган ишбилармонлар кенгашлари, инвестиция ва бизнес форумлар, турли кўргазмаларда мамлакатимиз вакилларининг иштирокини таъминлашда дипломатик ваколатхоналаримиз муҳим ўрин тутмоқда. Улар масъулиятли ва мураккаб масалаларни самарали ечишда, муносиб ҳамкорлар танлашда, улар билан музокаралар ўтказишда тадбиркорларимиз учун ҳақиқий кўмакчига айланди.

Яқин Шарқ, Европа, Жанубий Осиё минтақаси мамлакатлари, Россияда хизмат сафари билан бўлганимизда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёрдами билан ана шундай бизнес-форум ва кўргазмаларда фаол қатнашганмиз. Учрашув ва тадбирлар давомида элчихонамиз вакиллари кўмагида янги Ўзбекистондаги қулай инвестиция муҳити, қўлланилаётган имтиёз, преференция ва кафолатлар хусусида тўлиқ ва батафсил маълумотлар бериб, тақдимотларни амалга оширганмиз.

Юқорида баён этилган гаплардан аён бўлиб турибдики, компания лойиҳаларини самарали амалга оширишда Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарининг ўрни муҳим. Улар иқтисодий дипломатия фаолиятини муносиб бажариб келмоқда.

– BMB TRADE GROUP” компанияси дунё бўйича 40 га яқин мутахассис ва таҳлилчи билан иш олиб боради. Демакки, халқаро бозор ва яқин келажакдаги устувор йўналишларни олдиндан ўрганиш ва шу асосда янги йўналишларда ишлаш имконига эгасиз. Биз яқин йилларда кириб боришимиз мумкин бўлган бозорлар, уларга тақдим этишимиз ва ривожлантиришимиз керак бўлган тармоқлар юзасидан тавсияларингиз билан бўлишсангиз.

– Ўринли ва қизиқарли савол учун раҳмат. Албатта, компания келажакни кўзлаган ҳолда иш юритади. Ҳар бир ташаббус “Етти ўлчаб, бир кес” тамойилига амал қилган ҳолда ишлаб чиқилади. Мутахассисларимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, уларнинг аксарияти давлат идораларида кўп йиллик тажриба эга, ишига виждонан ёндашадиган, ватанпарвар инсонлардан ташкил топган. Улар қаторида, дипломат, иқтисодчи, молиячи, ҳуқуқшунос, қурувчи, қишлоқ хўжалиги, ҳуқуқ тартибот ва бошқарув тизимларида хизмат қилган экспертлар ҳам бор. Бундан ташқари хорижда ҳам маркетинг ва консалтинг соҳаларида тажрибали мутахассисларимиз мавжуд. Уларнинг стратегик таҳлил, истиқболни белгилашдаги баҳо ва хулосалари биз учун муҳимдир.

Шу ўринда истиқболли бозор бўлган Хитой, Жанубий Корея, Япония, Афғонистон давлатлари, Европа ва Яқин Шарқ минтақаси мамлакатлари бозорларини таҳлил қилсак.

Яқин истиқболда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига экспорт ҳажмининг ортишини кутишимиз мумкин. Бунга Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг очилиши билан эришиш мумкин бўлади.

Туркманистон ҳудуди орқали эса Эроннинг Бандер-Аббос портидан Яқин Шарқ (Форс кўрфази) ва Жанубий Осиё давлатлари бозорларига ва Каспий денгизи орқали Европа бозорларига ҳам йўналишлар очилиши мумкин. Бу минтақаларда ўзининг бетакрор таъми ва сифати билан ажралиб турадиган маҳсулотларимизни юқори қўшилган қийматларда сотиш имкони мавжуд.

Биз истиқболли йўналиш ҳақида гапирганда, Президентимиз томонидан жорий йилнинг ?лм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилганига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Йил номидан келиб чиқиб, ўз фаолиятимизга “ноу-хау”лар, қишлоқ хўжалиги соҳасига инновацион технологияларни татбиқ қилиш, турли мева-сабзавот маҳсулотларини самарали етиштириш ҳамда улар ҳосилдорлигини бир неча баравар ортишига хизмат қилувчи агротехнологияларни жорий этишимиз зарур.

Бу эса, ўз навбатида, экспортбоп ва рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (узум, гилос, шафтоли, полиз ва дуккакли маҳсулотлари) етиштириш, қайта ишлаш соҳасини янада ривожлантиришга туртки беради.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси, сув хўжалиги ва инновацион ривожлантириш борасида қабул қилинаётган давлат дастурларининг барчаси шу каби таҳлилларга асосланган ва Янги Ўзбекистонни истиқболли ривожланишини таъминлайди, десам муболаға бўлмайди.

– Суҳбатимиз бир пиёла чой устида кечмоқда, билишимча бунда ҳам рамзий маъно бор. BMB TRADE GROUP компанияси “Чой етиштиришни ривожлантириш илмий-ишлаб чиқариш” марказига ва заъфарон етиштириш бўйича лойиҳаларга ҳам эга. Шифобахш ўсимликлар етиштириш борасидаги режалар, фермер хўжаликлари ва тадбиркорлар учун ушбу йўналишдаги истиқболли таклифларингиз.

– Айни вақтда компаниямиз томонидан италиялик ҳамкорлар билан биргаликда заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳаси амалга ошириш устида ишлаяпмиз. “BMB-OPERA ZAFFERANO” Ўзбекистон – ?талия қўшма корхонасига Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳудудидан 400 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу қўшма корхона тегишли қарор билан жорий йил 1 майдан эътиборан доривор ўсимликлар кластери мавқесига эга бўлди. Лойиҳа доирасида фармацевтика, пазандачилик, парфюмерия ва бошқа соҳаларда қўшимча ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш режалаштирилган. Заъфарон етиштиришда барча агротехнология ишлари италиялик агрономлар томонидан амалга оширилади. Жаҳон стандартларига мос келадиган сертификатларни тақдим этувчи лаборатория ташкил этилади.

Шу йилнинг октябрь-ноябрь ойларида биринчи ҳосилни йиғиб олишни режалаштирганмиз ва натижаси бўйича жамоатчиликни хабардор қилиш истагидамиз.

Чой ишлаб чиқариш марказига келсак, бу лойиҳамиз доирасида ҳозирги вақтда Сурхондарё вилоятининг Узун тумани, Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида чой кўчатлари етиштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари чой етиштириш бўйича қатор инвесторлар ҳам қизиқиш билдирган ва ўзимиз учун катта режаларни  белгилаб олганмиз. Улар ҳақида «Дунё» ахборот агентлиги биринчилар қаторида хабардор бўлади, деб ишонаман.

– Суҳбатга вақт ажратганингиз учун яна бир бор ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

– Раҳмат, Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги билан  бундай учрашувларни ўтказишга ҳамиша вақт ажратишга тайёрмиз.

 

Суҳбатни Улуғбек Шоназаров

ёзиб олди,

“Дунё” АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net