Хитой нашрлари Ўзбекистондан ерёнғоқ импорти бошлангани ҳақида ёзмоқда

25.06.2020 11:46

ПЕК?Н, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг 500 миллиондан зиёд обуначисига эга «Weibo» ижтимоий тармоғида Ўзбекистонда етиштирилган ерёнғоқларнинг Хитойга импорти бошлангани ҳақидаги ахборот материали хитой тилида эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Унда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан мамлакатимиз экспортчиларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани қайд этилади. Ҳаётга татбиқ этилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистондан дунё мамлакатларига экспорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари тури ва географияси кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланади.  

“Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари билан мамлакатимизда фаолият юритаётган экспортёрлар ўртасида йўлга қўйилган яқин алоқа ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорлардаги тамойиллар ҳақида аниқ ва ишончли маълумотлардан хабардор бўлиш имконини бермоқда”, деб ёзади Weibo.

Ахборот материалида жорий йилнинг май ойидан Хитой бозорига Ўзбекистон заминида етиштирилган ерёнғоқ экспортини бошлаган «Global Export Company» масъулияти чекланган жамияти фаолияти бу йўналишдаги муваффақиятли мисоллардан бири сифатида келтирилади. Ўқувчилар эътибори Хитойнинг йирик дистрибьютерлик компанияси билан имзоланган 1 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг шартнома доирасида маҳсулотлар етказиб берилаётганига қаратилган. 

Шу билан бирга, ушбу мавзуга бағишланган хабар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ўқувчиларини замонавий Хитой ҳамда унинг ҳамкорлари ҳақидаги муҳим ва ишончли ахборотлар билан таништириб келаётган “Китай” журнали веб-саҳифасида ҳам эълон қилинди.

Унда Хитой Халқ Республикаси жаҳондаги ерёнғоқ етиштирадиган нафақат йирик ишлаб чиқарувчи, балки  йирик истеъмолчи экани айтилади.

“Масалан, 2019 йилда Хитойнинг тозаланган ерёнғоқ импорти ҳажми 405 минг тоннани ташкил қилди. Бу 285 миллион АҚШ доллари миқдорида баҳоланди. Африка қитъасидаги Сенегал, Эфиопия, Судан, шунингдек, Ҳиндистон ва Америка Қўшма Штатлари ушбу маҳсулотни етказиб берган асосий мамлакатлар бўлди. Эндиликда Хитойга ерёнғоқ етказиб берадиган экспортчи давлатлар сони Ўзбекистон ҳисобига яна биттага ортди”, деб ёзади нашр.

Мақола муаллифи ўз муштарийларини мавзу тафсилотлари билан таништиришда давом этар экан, бу Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси кўмагида 2019 йил ноябрь ойида “Ўздавкарантин” билан ХХР Бош божхона бошқармаси ўртасида эришилган келишув натижаси эканини қайд этади. 

Хабарда, шунингдек, Пекиндаги дипломатик ваколатхонамизнинг фаол кўмагида Хитойга етказиб бериладиган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турларини янада кўпайтириш бўйича мажмуавий ишлар олиб борилаётгани, улар натижаси ўлароқ Хитой бозорига 14 турдаги маҳсулот экспортини кўзда тутадиган фитосанитария талаблари бўйича идоралараро протоколлар имзолангани маълум қилинган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net