«Ўзтрансгаз»да Осиё тараққиёт банки халқаро маслаҳатчилари билан музокара бўлиб ўтди

11.02.2020 16:17

ТОШКЕНТ, 11 февраль. /«Дунё» АА/. «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятида Осиё тараққиёт банки мувофиқлаштирувчиси ва корпоратив бошқарувни такомиллаштириш бўйича халқаро маслаҳатчилари билан музокара бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Ўзтрансгаз» АЖ «Ўзбекистон Республикаси газ-транспорт тизимининг газ тақсимлаш объектларида табиий газ оқимлари мониторинги ва бошқаруви тизимини (SCADA) жорий этган ҳолда модернизациялаш дастури» лойиҳасининг I босқичини амалга оширишни бошлади. Лойиҳа Молия ва Энергетика вазирликлари, шунингдек, Осиё Тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

ОТБ маслаҳатчиларининг Тошкент шаҳрига ташрифи доирасида ушбу лойиҳани жадаллаштириш, 1-босқич учун таклиф этилаётган кредит маблағларини олишнинг кейинги жараёнлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Лойиҳа компрессор станцияларини модернизациялаш, газ қувурларини диагностика қилиш, капитал таъмирлаш, магистрал қувурларнинг ўрнатилган қувватда ишлашини ташкил қилишга қаратилган. Бунинг натижасида табиий газ экспорти ва транзитининг барқарорлиги, узлуксизлиги таъминланади.

Ҳозирги вақтда «Ўзтрансгаз» АЖ Осиё тараққиёт банки билан фаол ҳамкорликда ишламоқда, грант маблағлари ҳисобидан хорижлик маслаҳатчиларни жалб этилиб, лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда жалб қилинган грант маблағлари 1 миллион доллардан зиёд.

«Ўзтрансгаз» АЖда харид тизимини Халқаро молия институтлари мезонларига мос тарзда такомиллаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Бунда халқаро харидлар бўйича бой тажрибага эга Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Чунончи, учрашувлар чоғида айни йўналишдаги масалалар ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Хусусан, учрашувда молия институтининг харидлар бўйича эксперти Завье Гумберт  молиялаштириладиган лойиҳаларда қўлланиладиган харидлар тизими тўғрисида маъруза қилди.

Учрашувда, шунингдек, газ таъминот инфратузилмасини модернизация қилишдаги кечикишлар, уларнинг табиий газни узлуксиз етказиб бериш жараёнига таъсирининг олдини олиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net