«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси Россияга экспорт ҳажмини 3 бараваргача ошириш ниятида

11.03.2020 18:05

МОСКВА, 11 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан «Road Show» форматида бизнес-форум ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг маиший техника ишлаб чиқариш саноати салоҳиятига бағишланган тадбирда «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси бошқарув раиси Мирзиёд Юнусов уюшма таркибига кирувчи корхоналар томонидан 2019 йилда 250 миллион доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинганини маълум қилди. Шундан сотилган 24 миллион долларга яқин маҳсулот Россия Федерацияси ҳудудига тўғри келади.

Форумда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси бошқарув раиси Мирзиёд Юнусовлар сўзга чиқди.  Мирзиёд Юнусов бу каби тадбирлар орқали Ўзбекистоннинг Россияга электротехника маҳсулотлари экспорти ҳажмини 2-3 бараварга ошириш мақсад қилинганини айтиб ўтди.

Форумда Россия Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, инвестиция соҳаларида ишончли ҳамкори экани қайд этилди. ?кки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган мулоқотлари натижасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.

Шунингдек, мулоқот чоғида олий даражадаги ташрифлар натижалари хусусида сўз юритилиб, ҳамкорликнинг янги йўналишлари юзасидан шерикликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Бизнес-форум иштирокчилари  маиший техника маҳсулотлари соҳасида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича музокаралар ўтказди. Россиялик тадбиркорларга Ўзбекистонда электротехника саноатини жадал ривожлантириш, тармоқнинг экспорт салоҳияти, Ўзбекистондаги янги иқтисодий саноат зоналари истиқболлари, хорижий инвестицияларни жалб қилиш қонунчилигини такомиллаштириш бўйича маълумот берилди.

Россия «ПарусЭлектро» компаниясининг экспортни ошириш бўйича директори Максим Тарасевичнинг қайд этишича, сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитининг яхшилангани мамлакатга келадиган инвестициялар оқимини сезиларли оширган. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириб, хорижий шериклар учун Ўзбекистон ҳудудида тўлов қобилиятига эга бизнес шериклар топиш имконини осонлаштирган.

Музокаралар натижасида уюшма таркибига кирувчи корхоналари билан «ПарусЭлектро» компанияси ўртасида ҳамкорлик келишувига эришилди.

Форум доирасида Ўзбекистон маиший техника воситалари ишлаб чиқарувчи – «Vitech», «SAM-Ferre», «Artel», «Ideal» каби корхоналар томонидан маҳсулотлар ва инвестиция лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

– Ўзбекистон иқтисодиёти эришган ютуқларнинг асосий омили мамлакатда хусусий бизнеснинг қўллаб-қувватлаётганидир, – деди "Sigma Trade" компанияси бош директори Рустам Таъзиев (Россия). – Яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар янги бозорларга кириб бормоқда. Жумладан, Россияда ҳам Ўзбекистоннинг маиший техника воситаларини кўриш мумкин. Бугун «Vitech» компанияси вакиллари билан икки томонлама экспорт шартномаларини имзолашга эришдик. Ушбу ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон миллий маҳсулотлари Россия бозорларида ўз харидорига эга бўлишига ишончим комил.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар мазкур мулоқот мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари учун катта имкониятлар эшигини очишини таъкидлади. Хусусан, «Ideal Electrolyuks» корхонаси раҳбари Соҳиб Азимовнинг билдиришича, B2B шаклидаги мулоқот Россиянинг йирик тадбиркорлари билан музокара олиб бориш ва фойдали битимларга эришиш имконини берган.

Электротехника саноатини ривожлантириш мақсадида ўтказилган бизнес-форум Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам давом этади. 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net