Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсати муҳокама қилинди

06.05.2020 14:37

ЖEНEВА, 6 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхонаси вакиллари БМТнинг Савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси (ЮНКТАД) масъуллари билан видеоконференция ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқовнинг ЮНКТАД Бош котиб М.Китуи билан онлайн учрашуви чоғида эришилган келишувлар ижроси муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ЮНКТАД савдо-сотиқни ривожлантириш ва инвестицияларни рағбатлантириш дастурида иштирок этиши билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.

ЮНКТАДнинг савдо-сотиқни ривожлантириш ва инвестицияларни рағбатлантириш дастури мувофиқлаштирувчиси Френк Грозел Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мамлакатда бизнес ва сармоя учун қулай шароит  яратиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.

Хабар қилинишича, ЮНКТАД Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан биргаликда халқаро савдони осонлаштириш тўғрисидаги битим ижроси доирасида савдо ва инвестициялар тўғрисидаги маълумотларни олиш имконини кенгайтириш учун қатор махсус электрон платформаларни ишлаб чиқди. Савдони енгиллаштириш ҳамда инвестицияларни жалб қилишга мўлжалланган савдо ва инвестиция порталини яратиш лойиҳаси шулар жумласидан. Мазкур платформа мамлакатларда мавжуд савдо ва инвестиция тартиб-қоидалари ҳақидаги маълумотларни онлайн нашр қилишга имкон беради.

БМТ тузилмаси вакилларининг фикрига кўра, ушбу порталнинг яратилиши корхоналарнинг вақтини ва экспорт амалиётлари харажатларини тежашга хизмат қилади. Бу жараён  тижорат компаниялари ва товарларни олиб кириш, экспорт ва транзит қилиш, инвестицияларни жалб этиш билан шуғулланадиган корхоналар учун жуда қулай.

 Видеоконференцияда ЮНКТАД мутасаддилари Ўзбекистоннинг инвестиция бўйича электрон порталини яратишга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net