Ўзбекистонлик ёш тадбиркорлар Германия тажрибасини ўрганмоқда

27.05.2020 10:12

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 27 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз ёш фермерларини Германия қишлоқ хўжалиги тажрибаси билан таништириш, уларнинг келгусидаги бизнес-ғояларини ривожлантиришга кўмаклашишга бағишланган вебинар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ёш фермерлар кенгаши ва германиялик ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилган онлайн-тадбирнинг асосий мақсади мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантиришга кўмаклашиш, унга илғор халқаро тажрибани кенг жалб этиш ва соҳада ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратилди.

“Чорвачиликда Германия тажрибаси” мавзуида ўтказилган анжуманда “Cremer Holding GmbH & Co. KG” холдинг гуруҳи таркибига кирувчи “Gelamin” ва “Deuka” компаниялари менежерлари, ўзбекистонлик ёш тадбиркорлар қатнашди.

Ўзбекистонлик ёш фермерлар Бектемир Нурлиев ва Лочин Орипов томонидан тайёрланган соҳага оид тақдимот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Zoom, Youtube ва Facebook ижтимоий тармоқлари орқали тўғридан-тўғри намойиш этилган вебинарда ўзбекистонлик мутахассислар Германия чорвачилик соҳасининг бугунги кундаги аҳволи, тармоққа жорий этилаётган янгиликлар, хусусан, зотдор чорва молларини кўпайтириш ва парваришлаш бўйича тўпланган тажриба, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари билан танишди.

Ёш ўзбек чорвадорлари германиялик ҳамкорлар билан соҳадаги алоқаларни янада ривожлантириш, жумладан, маҳсулотлар экспортини ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилди.

Тадбир доирасида “Gelamin” ва “Deuka” компаниялари вакиллари Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши ҳамда ёш мутахассисларга амалий ёрдам кўрсатиш, улар учун Германияда тажриба алмашиш курсларини ташкил этиш ҳақида ҳам ўз таклифлари билан ўртоқлашди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net