Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ва таркибий ўзгартиришларни Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширишнинг истиқболли йўналишлари

24.07.2020 11:46

ТОШКЕНТ, 24 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 23 июль куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти А.Бьерде билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири ?нвқестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.

Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати, йилнинг биринчи ярмида қўшма лойиҳалар портфелини амалга ошириш натижалари, тайёрлаш босқичида бўлган лойиҳаларни келишиш жараёни, шунингдек, Жаҳон банки билан Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни ва таркибий ўзгартиришларни амалга оширишда келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Банк раҳбариятига жорий эпидемиологик вазиятда алоҳида устувор аҳамиятга эга бўлган ва Республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган лойиҳаларнинг тезкор равишда кўриб чиқилганлиги учун миннатдорлик билдирилди.  Қайд этиш жоизки, жорий йил бошидан бери Жаҳон банки томонидан умумий қиймати 1 миллиард  доллардан кўпроқ бўлган 4 та ана шундай лойиҳа молиялаштирилиши маъқулланди.

Биринчи ярим йиллик якунига кўра Жаҳон банкининг ўзлаштирилган қарз маблағлари ҳажми 310 миллион долларни ташкил этди ва ўзлаштириш коэффициенти минтақада энг юқори кўрсаткичларга эга бўлди.

Банк вице-президенти томонидан ҳозирги кунда телекоммуникация технологиялари, энергетика, фанни тижоратлаштириш, шаҳарсозлик, ўрмон хўжалиги соҳалари, шунингдек, статистик маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича умумий қиймати 1,5 миллиард долларга тенг бўлган 9 та янги лойиҳа ишлаб чиқилаётганлиги маълум қилинди.

Музокаралар давомида Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда Жаҳон банкининг алоҳида роли таъкидланди. Банк мутахассислари Ўзбекистон Республикасида таркибий ислоҳотлар асосий йўналишларининг «Йўл харитаси»ни, авиация ва энергетика секторларини ислоҳ қилиш дастурини, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини, олий таълим тизимини ривожлантириш концепцияси, Солиқ кодексининг янги таҳририни, Банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқишда яқиндан кўмаклашди.

Шу нуқтаи назардан, давлат корхоналари, банк сектори ва авиация саноатини ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг бошқа тармоқларини ислоҳ қилиш бўйича биргаликдаги ишлар доирасида келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

Жаҳон банки ҳудудларни ривожлантиришда Ўзбекистонга янада ёрдам кўрсатишга тайёрлиги билдирилди. Жумладан, вилоятларда мавжуд манбалар ҳамда қиёсий афзалликлардан келиб чиққан ҳолда республиканинг ҳар бир ҳудуди учун универсал дастурларни ишлаб чиқиш вазифалари келишиб олинди. Шунингдек, юқори иқтисодий даромадларни таъминлайдиган давлат инвестицияларини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш учун биргаликда иш олиб борилади.

Музокаралар якунида томонлар келгусидаги ҳамкорлик доирасида биринчи даражали вазифаларни белгилаб, устувор йўналишлар бўйича ишларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net