Ўзбекистондаги АҚШ савдо палатаси аъзолари билан онлайн конференция бўлиб ўтди

22.05.2020 13:36

ТОШКЕНТ, 22 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистондаги АҚШ савдо палатаси аъзолари билан онлайн суҳбат ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Сенат манбасига асосланиб.

Видеоконференцияда дипломатик миссиялар, бизнес доиралар ва халқаро университетлар вакиллари, АҚШнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари раҳбарлари иштирок этди.

Онлайн мулоқот иштирокчилари Ўзбекистонда кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлади. Бу йўналишда эришилган муваффақиятлар халқаро ҳамжамиятнинг, шу жумладан тадбиркорларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиши ортишига туртки берди.

Учрашувда иштирокчилар Ўзбекистонда COVID-19 вирусининг кенг тарқалишига қарши кўрилган чоралардан хабардор этилди. Бунда пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукумат томонидан кўрилган инқирозга қарши чора-тадбирлар самарадорлигига эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда инвестиция муҳитини эркинлаштириш дастури ва АҚШ тадбиркорлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик устуворлиги муҳокаманинг асосий мавзуси бўлди.

Ўзбекистон Республикаси парламенти томонидан қонунчилик-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва инвестиция ҳуқуқини меъёрий тартибга солиш самарадорлигини яхшилаш бўйича фаол ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Мазкур йўналишларда қабул қилинган тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қонунлар мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилашга ва тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Таъкидланганидек, сўнгги йилда Жаҳон банки ва Халқаро молиявий корпорациянинг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида мамлакатимиз 7 поғонага юқорилади ва корхоналарни рўйхатдан ўтказиш, шартномалар ижросини таъминлаш, миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш каби кўрсаткичлар яхшиланди. Бу, ўз навбатида, қатор ривожланган индустриал мамлакатлардан ўзиб кетиш имконини берди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши юзасидан АҚШ томони билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Томонлар бундай учрашувлар ҳамкорларга ахборот етказиш, шунингдек, қонун чиқарувчи органлар ва Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган халқаро бизнес тузилмалари ўртасида мулоқотни қўллаб-қувватлаш имконини беришини таъкидлашди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net