Ўзбекистонда узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

02.08.2021 13:47

ТОШКЕНТ, 2 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистонда 156 минг гектар майдонда (шундан 50 минг гектар 2021 йилда) токзорлар қуришдан тортиб, тайёр маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришга қадар узлуксиз тизим яратилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Давлатимиз раҳбарининг “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимиз вилоятларининг 48 тумани узум етиштиришга ихтисослаштирилади.

Адлия вазирлигининг телеграм каналида тарқатилган  маълумотга кўра, 2021 йил 1 августдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари (суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалми) ерлар) токзорлар барпо этиш ва узумчиликни ривожлантириш учун очиқ танлов асосида 30 йил муддатга ижарага берилади.

Очиқ танловга ер участкалари деҳқон хўжаликлари ташкил этган ҳолда токзорлар барпо этиш учун – 0,06 – 1 гектар ўлчамларда, яхлит контурда йирик токзорлар барпо этиш учун 1 – 30 гектар ўлчамларда чиқарилади.

2021 йил 1 сентябрдан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда юридик шахс мақомига эга бўлмаган, узумчиликни ривожлантириш бўйича доимий лойиҳа офислари ташкил этилади, шунингдек, аҳоли томорқаларида, маҳаллаларда узум етиштиришни кенгайтиришнинг янги механизми жорий этилади.

Шунингдек, узум етиштириш, уни қуритиш, қадоқлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишнинг тўлиқ циклини яратиш мақсадида узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилиши алоҳида урғуланган.

2022 йилдан ҳар икки йилда бир маротаба узумчилик йўналишида “Энг яхши узум нави”, “Энг яхши интенсив токзор”, “Энг яхши маҳаллий узум нави”, “Энг яхши вино маҳсулоти” каби номинацияларда ўтказиладиган республика кўрик танлови таъсис этилади.

Бундан ташқари, ҳужжатда 2021 йил якунигача Жиззах давлат университети ҳамда Фарғона давлат университетида узумчилик ва виночилик ривожланган хорижий давлатлар ОТМлари билан ҳамкорликда қўшма факультет ташкил этилиши айтилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net