Ўзбекистонда ГЭСлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича Франция тараққиёт агентлиги билан заём келишуви имзоланди

23.08.2020 10:43

ТОШКЕНТ, 23 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида Молия вазирлиги ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида кредит ажратилиши бўйича заём келишуви имзоланди, деб хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири «Ўзбекгидроэнерго» акционерлик жамияти манбасига асосланиб.

“Ўзбекгидроэнерго” акционерлик жамиятининг ахборот хизматидан маълум қилишларича, Андижон вилоятида Пайтоқ кичик ГЭСи, Жанубий Фарғона канали 1А – кичик ГЭСи ва 2А – кичик ГЭСи қурилиши ҳамда Чорвоқ ГЭСининг фаолияти хавфсизлигини ошириш лойиҳаларини молиялаштириш учун 20 йил муддатга 55,8 миллион евро ажратилган.

Мазкур маблағлар Франция тараққиёт агентлиги процедураларига мувофиқ, тендер савдолари асосида замонавий технологик ускуналар харидига ва қурилиш ишларига йўналтирилади.

Умумий қиймати 52,5 миллион еврога тенг Пайтоқ кичик ГЭСи, Жанубий Фарғона канали 1А – кичик ГЭСи ва 2А – кичик ГЭСи қурилиши учун кредитнинг 46,5 миллион евросидан фойдаланилади.

Ушбу лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосномасини Франция тараққиёт агентлиги буюртмасига мувофиқ “ISL”, “IED”, “R-plus” консультантлар консорциуми ишлаб чиқди. ?нвестиция лойиҳалари доирасида 11,1 миллион евролик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши ҳамда 26,9 миллион евролик технологик ускуналар келтирилиши режалаштирилган.

Янги кичик ГЭСларни 2023 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳаларни амалга оширилиши 51,2 млн. кВт.соат арзон ва экологик соф электр энергия ишлаб чиқариш, 15 қўшимча иш ўрни яратиш, мамлакат энергетика балансида гидроэнергетика улушининг ўсиши, ёқилғи ресурсларини тежаш, электр энергияга тобора ўсиб бораётган талабни таъминлаш имконини беради.

Бундан ташқари, Чорвоқ ГЭСда амалга оширилиши режалаштирилаётган қиймати 33,95 миллион еврога тенг “ГЭС фаолияти хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳа”ни молиялаштириш учун ушбу кредитнинг 9,3 миллион евролик қисми йўналтирилади.

Юртимизда экологик тоза, қайта тикланувчи электр энергияси ишлаб чиқариш манбаси ҳисобланган гидроэнергетика соҳаси Президентимизнинг 2017 йил 2 майдаги қарори билан қабул қилинган “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури” асосида янада ривожланмоқда.

Ушбу дастурга мувофиқ, “Ўзбекгидроэнерго” “Лойиҳалар фабрикаси” механизмини жорий қилган ҳолда замонавий технологияларга асосланган янгидан-янги лойиҳаларнинг узлуксиз ишлаб чиқарилиши ҳамда ?нвестиция дастурига киритилиб, самарали амалга оширилишини таъминламоқда.

Жорий йилда “лойиҳалар фабрикаси” бўйича дастлабки 1,57 миллиард долларга тенг, қуввати 907,5 МВт бўлган 23 та инвестиция лойиҳаси тайёрланмоқда. Шундан қиймати 1,37 млрд. долларлик 14 та лойиҳа доирасида 637,25 МВт янги қувватлар яратилади ва қиймати 190 миллион долларлик 9 та лойиҳа доирасида 270,3 МВт қувватлар модернизация қилинади.

Лойиҳаларни молиялаштириш учун Франция тараққиёт агентлиги маблағларидан ташқари, Осиё тараққиёт банкидан 60 миллион доллар, Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 80 миллион евро, давлат-хусусий ҳамкорлиги тамойиллари асосида тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиниши кўзда тутилмоқда. Бу эса, инвестиция лойиҳаларига жалб қилинаётган маблағлар ва технологиялар манбаларини диверсификация қилиш имконини беради.

Жорий йилда ?нвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1556,2 миллион долларига тенг 19 та инвестиция лойиҳасининг қарийб 500 миллион долларлик қисми Хитой ва Россия молия институтлари инвестицияларини жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Шу йилнинг ўтган 7 ойи давомида, умумий қуввати 22,4 МВт бўлган “Шаҳрихон ГЭСлар каскади” УК таркибидаги Жанубий Фарғона канали 2-ГЭСи ва “Қодирия ГЭСлар каскади” УК таркибидаги 3-ГЭСининг модернизацияси лойиҳалари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Йил охирига қадар яна қуввати 95,9 МВт га тенг қўшимча 4 та лойиҳани модернизациясини якунлашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилган лойиҳалар сони 6 тага, қўшимча қурилган қувватлар ҳажми 118,3 МВт га ҳамда яратилган янги иш ўринлари сони 100 тага етказилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net