Ўзбекистонда электрон пул ва ҳамён жорий этилади

11.03.2020 15:57

ТОШКЕНТ, 11 март. /“Дунё” АА/. Жорий йилда мамлакатимизда электрон пул ва ҳамёнлар жорий этилади. Ушбу пуллар Марказий ва тижорат банклари томонидан эмиссия (муомалага киритилади) қилинади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Ўзбекистон Республикасида тўлов тизимлари ва банкларда АКТ инфратузилмасини ривожлантириш масалалари” мавзусида ташкил этилган матбуот анжумани чоғида айтиб ўтилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтди.

Ушбу пулларни муомалага киритишда Электрон пуллар тизими операторлари томонидан хизматлар тақдим этилади. Бунда мижозларнинг банкда алоҳида ҳисоб рақам очишларига ўрин қолмайди ва одатий тизимга нисбатан 10 баравар тез ишлайди. Мазкур амалиёт 2019 йилда қабул қилинган “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади.

Шунингдек, Марказий банк Тўлов тизимлари департаменти бошлиғи Улуғбек Маҳмудовнинг қайд этишича, мамлакатимизда аҳолига банк хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб мижозларни масофадан туриб идентификация қилиш тизими жорий этилади.

“Бугунги тартиб бўйича ҳар бир мижоз ҳисоб рақам очиш учун бир бор бўлса-да, банкка шахсан бориши талаб этилади. Янги тизим эса мижозлар вақтини тежайди. Яъни интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда, банкларга бормасдан туриб ҳисоб рақам очиш мумкин бўлади”, деди Улуғбек Маҳмудов.

Ушбу тизим мижозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ?чки ишлар вазирлиги, Давлат персоналлаштириш маркази ва Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Анжуманда, шунингдек, бугунги кунда масофадан туриб банк хизматлари кўрсатиш кўрсаткичлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда юртимизда тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган мобил иловалар ёрдамида масофадан туриб хизматлар кўрсатилмоқда. Таҳлилларга кўра, юртимизда 10 миллионга яқин жисмоний ва 600 мингдан зиёд юридик шахс банкдаги маблағларини масофадан туриб бошқариш хизматидан фойдаланган ҳолда идора қилмоқда.

Мамлакатимизда мавжуд 30 та тижорат банки томонидан соҳага ахборот технологияларини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Бироқ шу кунга қадар ушбу тизим хавфсизлиги халқаро текширувдан ўтказилмаган. Шу боис Марказий банк томонидан тижорат банкларининг ахборот технологияларини хавфсизлик нуқтаи назаридан халқаро аудитдан ўтказиш талаби қўйилган.

“Бу шу йилнинг март-апрель ойларида “Катта тўртлик” оиласига кирувчи халқаро аудит компаниялари томонидан, тижорат банкларининг ўз танловига биноан амалга оширилади”, деди Марказий банкнинг Ахборот технологиялари департаменти бошлиғи Дилшод ?кромов.

Матбуот анжуманида, шунингдек, мамлакатимизда банк хизматлари кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар, “Click” ва “Humo” тўлов тизимлари ҳақида маълумот берилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net