Ўзбекистонда диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш бўйича янги техник-дастурий мажмуа ҳамда электр энергиясини бошқариш тизими - E

09.08.2022 16:21

ТОШКЕНТ, 9 август. /«Дунё» АА/. “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ юқори кучланишли электр узатиш тармоғи тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган замонавий рақамли технологияларини жорий этиш мақсадида диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш бўйича янги техник-дастурий комплекс (SCADA) ҳамда электр энергиясини бошқариш тизимини (EMS) жорий этиш учун тендер эълон қилинади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Энергетика вазирлиги томонидан маълум қилинишича, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ («ЎзМEТ») томонидан SCADA/EMS/RTU ва телекоммуникация ва оптик толали кабеллар” лойиҳаси доирасида оптик кабеллар, ахборот тизимларини ўрнатиш ҳамда товарлар, ишлар, консалтинг ва  ноконсалтинг хизматларини харид қилиш учун Жаҳон банкидан 115 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари жалб этилмоқда.

Лойиҳа доирасида 113 та подстанцияда рақамли қурилмалар ўрнатилади ва 2 900 км оптик толали алоқа тармоғи тортилади.

Натижада электр узатиш тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган замонавий рақамли ва телекоммуникация технологиялари жорий этилади. Улар диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш бўйича янги техник-дастурий комплекс, шунингдек, электр энергиясини бошқариш тизимини яратишни ўз ичига олади. Шу билан бирга, юзага келиши мумкин бўлган аварияларнинг олдини олиш ва тезкор бартараф этиш, маълумотларни масофадан туриб онлайн тарзда узатиш имконияти яратилади.

Харидлар Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган шартномалар бўйича харидлар қўлланмасида кўрсатилган тартибларга мувофиқ амалга оширилади. Танлов Жаҳон банкининг қарз олувчилари учун харидлар йўриқномасида белгиланганидек, барча муносиб компаниялар ва жисмоний шахслар учун очиқдир. Лойиҳа бўйича музокаралар бўлиб ўтганидан сўнг Жаҳон банки келишилган дастлабки харид режасини ва барча янгиликларни ўзининг ташқи веб-сайтида эълон қилиши белгиланган.

Тендер таклифларини қабул қилиш жорий йил 30 ноябрь кунига қадар режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net