Ўзбекистон Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясига қўшилди

04.03.2020 12:23

ТОШКЕНТ, 4 март. /«Дунё» АА/. Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Нидерландиянинг Гаага шаҳрида ташриф билан бўлиб турибди.

Ташрифдан мақсад Ўзбекистон Республикасининг Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси (ХХҲГК)га аъзо бўлиши жараёнини якунлаш ва ташкилотга тўлақонли расмий аъзо бўлишга эришишдан иборат, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири адлия вазирлиги манбасига таяниб.

Бугун, 4 март куни Ўзбекистон ушбу ташкилотга расман аъзо бўлди.

Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси шу кунгача ўзида 83 иштирокчини жамлаган бўлиб (82 давлат ва Европа ?ттифоқи), эндиликда унга Доминикан ва Ўзбекистон Республикалари ҳам аъзо бўлди ва аъзолар сони 85 тага етди. 

Шу ўринда ташкилотга аъзолик Ўзбекистонга нима беради, деган ҳақли савол туғилади. 

Глобаллашув асрида кўпгина ҳуқуқий масалаларни миллий чегаралардан ташқарида ҳал қилишда турли ёндашувлар кузатилади. Масалан, бир давлатда берилган ҳужжатни бошқа бир давлатда тан олинишини таъминлаш, маълум мамлакатда туғилган гўдакни бошқа юртга фарзанд қилиб олиб кетиш ёки фуқаро фарзандини она ватанида эмас, мусофирчиликда дунёга келтириши ҳолатлари кўплаб учраяпти. Бу ўринда ҳуқуқий масалаларнинг ортиқча зиддият ва бюрократиясиз ҳал этилишидан инсонлар ва давлатлар бирдек манфаатдор. Шу сабабли жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ўзаро келишиб, турли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва халқаро ташкилотлар фаолияти орқали ҳамкорлик қилиб келмоқдалар. Ўзаро ҳуқуқий мувофиқлаштирув ҳаракатларини амалга оширяптилар. Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси ана шундай ташкилотлар жумласидан.

Шу кунга қадар Конференция доирасида 40 дан ортиқ конвенция имзоланган бўлиб, улар болаларни ҳимоя қилиш, оилавий ва мулкий муносабатлар, халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик ва низоларни бартараф этиш, халқаро тижорат ва молиявий ҳуқуқ йўналишига тааллуқли.

Халқаро хусусий ҳуқуқ меъёрларини бирхиллаштириш Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки миграциянинг шиддат билан ўсиши, турли соҳаларда хорижий унсурга эга фуқаролик-ҳуқуқий низоларнинг кўпайиши туфайли зудлик билан ечилиши лозим бўлган масалалар туғилмоқда. 

Шунга кўра, Гаага конференцияси доирасида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган меъёрлар халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига сезиларли ижобий таъсир ўтказиши кутилмоқда. 

Қолаверса, Ўзбекистон учун Гаага конвенцялари янгилик эмас. Шу кунгача мамлакатимиз учта конвенцияга аъзо бўлган. Булар Фуқаролик жараёни масалалари бўйича конвенция (1954), Чет эл расмий ҳужжатларини легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенция (1961), Халқаро болаларни ўғирлашнинг фуқаролик жиҳатлари бўйича конвенция (1980)лардир.

Бир сўз билан айтганда, Конференцияга аъзо бўлиш натижасида:

– халқаро-ҳуқуқий ёрдам тизими соддалашади ва осонлашади.

– халқаро-ҳуқуқий ёрдам эҳтиёжига учраган фуқароларга кенгроқ имкониятлар яратилади. 

– фуқаролик-ҳуқуқий соҳага оид халқаро низолар самарали, тез ва кам харажат билан бартараф этилади. 

– миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига ижобий таъсир кўрсатади.

– Ўзбекистонда халқаро хусусий ҳуқуқ илмининг ривожланишига ёрдам беради.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолиги тузилма доирасида қабул қилинадиган халқаро ҳужжатларда миллий манфаатларни акс эттириш имконини беради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net