Ўзбекистон халқаро тўқимачилик брендлари билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

30.01.2021 11:28

ТОШКЕНТ, 30 январь. /«Дунё» АА/. Кеча Америка-Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликда экспертлар, халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар, дунёнинг етакчи тўқимачилик брендлари, халқаро молия институтлари ва тараққиёт ҳамкорлари ҳамда ишбилармон уюшмалар вакиллари иштирокида онлайн шаклда “Ўзбекистондан барқарор етказиб бериш” мавзусида бизнес-анжуман ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, анжуманда АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролайн Лэмм, АҚШ савдо вакилининг ўринбосари Кристофер Уилсон, АҚШ меҳнат вазири ўринбосарининг ёрдамчиси Марк Миттелхаузер, шунингдек, ишбилармон доираларининг 200 дан ортиқ вакиллари, жумладан “Adidas”, “GAP”, “Macy's”, “Target”, “Creative Sportswear Group Inc.”, “Common Objective”, “Morrisons”, “Egis International” каби ва бошқа йирик тўқимачилик брендлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон томонидан тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раҳбарияти иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон тарафи Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан меҳнат шароитларини яхшилаш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларининг батафсил тақдимотини ўтказди ҳамда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда хорижий брендлар ва халқаро стандартларни жорий этувчи маҳаллий пахта ва тўқимачилик кластерлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишнинг шаклланган шарт-шароитларини белгилаб берди.

Панель сессия давомида Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) катта техник маслаҳатчиси Йонас Аструп, “Силверлиф” компанияси бош директори Дэн Паттерсон ва бошқа бир қатор экспертларнинг тақдимотлари бўлиб ўтди.

ХМТ вакиллари 2020 йилда Ўзбекистонда пахта кампаниясининг амалга оширилишини кузатиш натижалари бўйича йиллик ҳисоботни тақдим этди. Унга кўра пахта йиғим-теримида тизимли болалар ва мажбурий меҳнатни бартараф этишда олдинги мавсумга нисбатан сезиларли ютуқлар қайд этилган. Айниқса, Ўзбекистон тарихида биринчи марта республиканинг айрим ҳудудларида бирорта ҳам мажбурий меҳнат ҳолати қайд этилмаганлиги алоҳида таъкидланди.

ХМТ экспертлари, шунингдек, Ўзбекистонда бир қатор тўқимачилик кластерлари пахта йиғим-теримини тўлиқ механизациялашга ўтганлигини таъкидладилар, бу айни пайтда меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши эҳтимолини олдини олади ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўшимча иш ўринлари ташкил этиш учун шарт-шароит яратади.

Анжуманда сўзга чиққан “Силверлиф” компанияси раҳбари Дэн Паттерсон Ўзбекистондаги муваффақиятли тажрибаси билан ўртоқлашди. Унга кўра, “мамлакатдаги ислоҳотлар ортга қайтмас бўлиб, салмоқли натижаларга олиб келмоқда”. У хорижий брендларни ўзбек пахта-тўқимачилик кластерлари билан фаол ҳамкорлик қилишга чақирди. Кластерлар ривожланишининг технологик даражаси халқаро стандартлар ва жаҳон брендлари талабларига жавоб берадиган юқори сифатли, рақобатбардош маҳсулотларни тизимли етказиб беришни таъминлаш имконини беради.

Тадбир доирасида Ўзбекистонга инвестиция киритишнинг экологик, ижтимоий ва бошқарув жиҳатлари бўйича “Xenophon Strategies” компаниясининг ҳисобот тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу ҳисобот Марказий Осиёда бизнес ҳамкорлигини йўлга қўйишдан манфаатдор бўлган миллий ва халқаро инвесторлар, жумладан, институционал инвесторлар ва йирик бизнес вакиллари учун қўлланма ҳисобланади. ?нглиз тилида чоп этилган мазкур тақдимот биринчи навбатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача барқарор ривожланиш Кун тартиби (SDGs) ва Жаҳон банкининг (Sovereign ESG Data Framework) халқаро ҳисобот стандартларига асосланади. Ушбу ҳужжат билан  “www.changeinuzbekistan.com” махсус веб-сайтида танишиш мумкин.

Шунингдек, тадбир давомида “Common Objective”, “Exocyte Limited”, “Echomood”, “KatBro Corporation” ва “Stellar Partners Limited” каби қатор брендлар вакиллари Ўзбекистонга инвестициялар киритиш имкониятлари, экспорт географияси, ишлаб чиқариш ҳажми ва Ўзбекистонда тўқимачилик саноатини янада ривожлантиришнинг прогноз кўрсаткичлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net