Ўзбекистон вакиллари Малайзияда ўтказиладиган Селангор озиқ-овқат ва ичимликлар халқаро кўргазмасида иштирок этади

06.06.2022 15:59

КУАЛА-ЛУМПУР, 6 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси ва Малайзиянинг Селангор штати маъмурияти қошидаги “Invest Selangor” агентлиги ҳамда икки давлат хусусий компанияларининг вакиллари иштирокида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Invest Selangor” агентлиги 1999 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси Малайзиянинг Селангор штатига инвесторларни жалб қилиш ҳамда унинг ташқи савдо ва иқтисодий ҳамкорлиги кўламларини кенгайтиришдан иборат.

Тадбир давомида Малайзия томонига Ўзбекистонда озиқ-овқат саноатининг ривожланиши, ушбу соҳага хусусий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, замонавий савдо ва логистика марказларини ташкил этиш, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорларида илгари суриш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди.

“Invest Selangor”нинг тадбирлар ташкил этиш бўйича менежери Аунг Чинг ўзи фаолият олиб бораётган агентлик тўғрисида тўхталди. Унинг айтишича, жорий йил 6-9 октябрь кунлари Куала-Лумпур шаҳрида Селангор халқаро бизнес саммити (Selangor International Business Summit) доирасида Селангор озиқ-овқат ва ичимликлар халқаро кўргазмаси (Selangor International Expo F&B) ташкил этилади. Шу муносабат билан, Аунг Чинг Ўзбекистон вакилларини мазкур тадбирда қатнашишга таклиф этди.

Шунингдек, музокаралар давомида савдо-иқтисодий, инновацион, технологик ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш орқали мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама этилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси ва республиканинг тегишли компаниялари октябрь ойининг биринчи ҳафтасида Куала-Лумпур шаҳрида ўтказиладиган Селангор озиқ-овқат ва ичимликлар халқаро кўргазмасида иштирок этиши масаласини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net