Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги авиақатновларни қайта тиклаш имкониятлари ўрганилмоқда

21.12.2021 13:39

ТОШКЕНТ, 21 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон транспорт вазирлигида  Япониянинг мамлакатимиздаги элчиси Ёшинори Фужияма билан музокаралар  бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Транспорт вазирлигидан олинган маълумотга кўра, учрашув давомида Ўзбекистон ва Япониянинг туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, хусусан, мамлакатларимиз ўртасида авиақатновларни тиклаш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Элчи Ёшинори Фужияма пандемиядан олдин японияликлар орасида Ўзбекистонга саёҳат қилиш даражаси анча юқори бўлганини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, пандемиядан сўнг нафақат сайёҳлар, балки япониялик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга ташрифи сезиларли даражада ўсиши кутилмоқда.

Ўз навбатида, транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев мамлакатларимиз ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканини билдирди. Коронавирус пандемияси  сабабли Японияда жорий этилган чекловлар натижасида бугун мамлакатларимиз ўртасида авиақатновлар амалга оширилмаяпти. Ўзбекистон томони Токиога парвозларнинг тикланишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Музокаралар якунида муҳокама қилинган масалаларнинг ечими юзасидан томонлар ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net