Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуришни муҳокама қилмоқда

13.03.2020 12:34

ТОШКЕНТ, 13 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш, эксплуатация қилиш тартиби ва улушбай иштирок этиш шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳасини муҳокама қиляпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Энергетика вазирлиги манбасига асосланиб.

Ўзбекистон – Тожикистон ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши  шу ойда Душанбе шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Тожикистонда Зарафшон дарёсида умумий қуввати 320 МВт га тенг иккита ГЭС қуриш масаласини ўрганиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Тожикистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августда имзолаган қўшма баёнотида кўзда тутилган. Кейинчалик ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 августда тасдиқланган «Йўл харитаси»да ҳам ўз ифодасини топди.

Гидроэлектрстанцияларни босқичма босқич қуриш режалаштирилган. Унга кўра, қуввати 140 МВт га тенг ҳамда 700-800 миллион кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи Ёвон ГЭСи қурилиши кўзда тутилган. Лойиҳа қиймати 282 миллион доллар, дея баҳоланмоқда.

Навбатдаги босқичда эса Фандарёда қиймати 270 миллион долларга бўлган, қуввати 135 МВт ни ташкил этувчи ва 500-600 миллион кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи ГЭС қурилиши мумкин.

Лойиҳани молиялаштириш халқаро молиявий ташкилотларнинг қарз ва грант маблағлари, шунингдек, томонларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Қурилган гидроэлектростанциялар ҳисобидан Ўзбекистон эҳтиёжи учун 1 миллион 400 минг кВт соат экологик соф электр энергияси етказиб берилиши мумкин.

Қўшма ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлисида инвестицияларни ҳимоя қилиш ва хатарлар даражасига таъсир этувчи омиллар таҳлил қилинади. Юзага келиши мумкин бўлган баҳсли масалаларни кўриб чиқиш механизми, ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг Ўзбекистон томонидан харид қилиниши тартиби ҳақида фикр алмашилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net