Ўзбекистон ва Саудия Арабистони қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

22.09.2020 13:20

АР-Р?ЁД. 22 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида ушбу мамлакатнинг SALIC (Saudi Arabian Livestock Investment Company) компанияси ижрочи директори Сулаймон Ал-Румайҳ билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув давомида мамлакатимизнинг аграр йўналишдаги салоҳияти, хорижий инвесторларга яратилаётган шароит, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи глобал миқёсда муҳим аҳамият касб этаётгани атрофлича муҳокама қилинди.

SALIC компаниясининг асосий мақсади Саудия Арабистонининг озиқ-овқат хавфсизлиги, хусусан, буғдой, арпа, маккажўхори, соя, гуруч, шакар, ўсимлик мойи, яшил озуқа, гўшт, паррандачилик ва сут маҳсулотлари ҳамда балиқчилик каби бирламчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга ёрдамлашишдир. Компания мазкур турдаги маҳсулотларни хорижда экади ва етиштиради, уларни Саудияга импорт қилади. Украина билан буғдой етиштириш ва мамлакатга етказиш бўйича фаол ҳамкорлик олиб боради.

Шундан келиб чиқиб, Саудия Арабистони томонига ушбу маҳсулотлардан айримларини инвестиция лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда етиштириш имкониятларини ўрганиш таклиф этилди. Бунинг учун SALIC компанияси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш, Қишлоқ хўжалиги, ?нвестициялар ва ташқи савдо каби тегишли вазир ва идоралар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш ташаббуси киритилди.

Ҳамкор томон таклифни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўрнатишга катта қизиқиш мавжудлигини таъкидлади. Ўзбекистонда етиштириладиган мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифат жиҳатдан юқори эканини таъкидлади.

.Ал-Румайҳнинг сўзларига кўра, агарда Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаси доирасида маҳсулотларни етиштириш узоқ вақтни талаб этса, дастлабки босқичда республикамиздан тайёр маҳсулотларни йирик ҳажмда Саудияга импорт қилиш имкони борлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони компанияси гўшт маҳсулотлари, балиқчилик, буғдой импорти бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди. Ҳозирги кунда икки давлат ўртасида чорвачиликни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланиш арафасида. Яқин келажакда Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлиси доирасида ҳам бу соҳада аниқ келишувларга эришишга умид билдирилди.

SALIC ижрочи директори Ўзбекистондан маҳсулотларни экспорт қилишда давлатларимиз ўртасидаги транспорт-логистика масаласининг муҳимлиги, имкон қадар шу муаммони ҳукуматлар кун тартиби доирасида ижобий ҳал қилиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Мулоқотда элчихона томонидан Наманган вилоятида 55 миллион долларга тенг «Chicken King» паррандачилик кластерини барпо этиш ҳамда Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманида 3,2 миллион долларга тенг «Чорвачилик мажмуасини яратиш» лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Тадбир сўнгида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида фаолият юритадиган йирик компаниялар ҳақидаги маълумотларни ҳамкор томонга тақдим этиш ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, инвестициялар ва ташқи савдо соҳаси мутахассислари билан SALIC вакиллари ўртасида онлайн видеомулоқот ўтказишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net