Ўзбекистон ва Ҳиндистон COVID-19га қарши курашишдаги ҳамкорликни фаоллаштирмоқда

11.05.2020 12:18

ТОШКЕНТ, 11 май. /“Дунё” АА/.  Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида COVID-19 пандемиясига қарши олиб борилаётган ҳамкорлик доирасида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сантош Жа ушбу мамлакатдан олиб келинган дори-дармонларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларига топширди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонаси маълумотига таяниб.

Дори-дармонлар тўпламига Ўзбекистон ҳукумати сўраган гидрокциклорокин таблеткалари киритилган. Ҳиндистон, шунингдек, ушбу мамлакатдан олиб чиқилаётган воситаларнинг қатъий назорат остида эканига қарамай, катта миқдордаги гидроксихлорохин таблеткаларини Ўзбекистонга тижорат асосида экспорт қилди.  

Ҳиндистон парацетамолларни олиб киришга қўйилган тақиқни бекор қилди ва Ўзбекистонга ушбу зарур дори-дармон етказиб берилишини тўхтовсиз давом эттирилишини таъминламоқда.

Бундан аввалроқ икки давлат ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида Ҳиндистон томони  Ўзбекистонга COVID-19га қарши курашишда ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёр эканини билдирган эди.

Шунингдек, Ҳиндистон сўнгги икки ой ичида e-ITEC дастури бўйича Ўзбекистон тиббиётчилари учун учта онлайн-тренинг ва малака ошириш курсларини таклиф қилган.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. 1 миллиард долларгача бўлган кредит линиясидан ташқари, қатор инфратузилма ва коммуникация лойиҳалари истиқболлари кўриб чиқилмоқда. Яқинда Ҳиндистон Ўзбекистонга грант асосида 30 миллион долларгача бўлган лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди. Улар Ўзбекистон аҳолисининг соғлиқни сақлаш, таълим, фуқаролар, айниқса, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ичимлик суви, кичик йўллар қуриш ва бошқа кўплаб соҳалардаги эҳтиёжларини қондиришга қаратилган.

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ушбу лойиҳаларни амалга оширишда асосий мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net