Ўзбекистон ва Бенилюкс мамлакатлари ишбилармонлари биргаликда сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди

25.05.2020 16:16

БРЮССЕЛЬ, 25 май /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонаси томонидан  Ўзбекистон ва Бенилюкс давлатлари тадбиркорлари иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоконференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Онлайн-тадбирда Сирдарё вилояти, Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманлари ҳокимликлари раҳбарлари, Нидерландиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳатчиси (қароргоҳи Москвада), шунингдек, икки мамлакатдан 30 дан ортиқ компания вакиллари ҳамда Европада яшаётган ватандошларимиз иштирок этди.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган TST-Agro, Ottevanger Milling Engineers bv, Agri-Projects Consulting, Food Link, CJ-ICM ва бошқа компанияларнинг вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Жумладан, хорижий тадбиркорлар ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди.

Ўзбекистоннинг  Бенилюкс  давлатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимов мамлакатимизда коронавирус пандемияси шароитида иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди. Дипломатик ваколатхона раҳбари иштирокчиларни ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлардан фойдаланишга чақирди. Элчихона ўзбекистонлик ва европалик тадбиркорларга узоқ муддатли ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлиги қайд этилди.

Видеоконференцияда, шунингдек, Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманларининг экспорт-инвестицион, сайёҳлик ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятининг тақдимоти ўтказилди.

Оқолтин туманида фаолият юритадиган тадбиркор А.Умаровнинг ташаббуси ва ғоялари хорижий ишбилармонлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. У 5 гектар ерда иссиқхона қуриш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишни таклиф қилди. Тадбиркорнинг турли экинларни етиштириш бўйича тажриба алмашиш таклифи нидерландиялик мутахассислар томонидан қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, тадбиркор X.Ўрозов чет эллик шерикларга ун заводи қурилиши лойиҳасини  биргаликда амалга оширишни таклиф қилди.

Нидерландиянинг «Food Link» компанияси  вакили  Б.Гринберг биргаликда минтақада балиқ, парранда ва чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек қўзиқорин фермасини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. У нидерландиялик мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасбларини ушбу соҳаларда замонавий технологияларни тадбиқ этиш бўйича ўқитишга тайёрлигини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳатчи М.Брауэр эса ўз чиқишида Сирдарё вилояти вакиллари учун карантиндан сўнг Нидерландияга тажриба алмашиш учун ўқув сафарини уюштириш ташаббусини билдирди.

«CJ-ICM» халқаро логистика компаниясининг Бельгия ваколатхонаси вакили П.Ван Дер Векен ўзининг Ўзбекистондаги тажрибаси ва Сирдарё вилояти Оқолтин туманида фаолият кўрсатаётган транспорт ва логистика терминали фаолияти бўйича маълумот берди. У иштирокчиларни савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда ўзаро ёрдам беришга чақирди.

 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net