Ўзбекистон тоғ-кон саноатида экспорт кўрсаткичлари юксалмоқда

14.10.2020 10:03

ТОШКЕНТ, 14 октябрь. /«Дунё» АА/. Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси мураккаб пандемия шароитига қарамасдан хорижлик истеъмолчиларга маҳсулотларни узлуксиз экспорт қилишга эришмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири Жобир Хўжақулов.

Тоғ-кон саноати қайта ишлаш секторининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, иқтисодиёт, хусусан, экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда мазкур соҳани жадал ривожлантириш, шу жумладан, геологик тадқиқотлар ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон замини олтин, мис, калийли тузлар, фосфоритлар, каолин ва бошқа фойдали қазилмаларнинг муҳим турлари захира ва ресурслари бўйича жаҳон етакчиларининг кучли ўнталигига киради. Энг муҳим табиий бойликлар орасида газ, нефть, кўмир каби ёқилғи-энергетика ресурслари мавжудлиги мазкур бойликлар қийматини оширади, албатта.

Бу, ўз навбатида, келажакда янги ва йирик конларни очиш истиқболлари мавжудлигидан далолат беради.

 Бу борада Олмалиқ кон-металургия комбинати томонидан мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган минерал бойликларни ўзлаштириш борасида кенг кўламли вазифалар амалга оширилмоқда.

Ушбу улкан мажмуа республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган чуқур таркибий ислоҳотлар жараёнида, миллий иқтисодиётимизни тубдан модернизация қилишда фаол иштирок этяпти.

Комбинат республикамиздаги рангли, нодир ва қимматбаҳо металларни қазиб олиш ҳамда уларни қайта ишлаш бўйича катта салоҳиятга эга мажмуалардан биридир. Айни пайтда йирик ишлаб чиқариш қувватлари замонавий техналогиялар билан таъминланмоқда.

Бу борада Олмалиқ кон-металлургия комбинати ўз ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва хом-ашё базасини кенгайтириш учун катта маблағларни йўналтирди.

Комбинат Ўзбекистонда мис ишлаб чиқариш бўйича ягона корхона саналади. Унда тозаланган мис, металли руҳ, молибден, қўрғошинли концентрат ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу табиий маҳсулотларга нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам талаб катта.

Корхона жорий йил 9 ойи давомида Хитой ва Туркияга қарийб 75 минг тонна мис катоди экспорт қилиб, кўзланган режани 113,3 фоизга бажарди.

Ўтган даврда Туркия, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Болгария, Озарбайжон, Қирғизистон ва украиналик истеъмолчилар учун 3 минг тоннадан зиёд мис қувури жўнатилди.

Сир эмас рух металлига жаҳон бозорида йилдан йилга талаб ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, комбинатда ишлаб чиқарилган маҳсулотга  харидорлар сафининг кенгайишига хизмат қилмоқда. Жумладан, корхона томонидан жорий йил 9 ой давомида Россия, Туркия ва Украинага 55 минг 819 тонна рух металли етказиб берилди.

Бундан ташқари кимё саноатида кенг фойдаланиладиган сульфат кислотаси экпорт режаси ҳам ортиғи билан бажарилди. Хусусан, Қозоғистонга ўтган давр мобайнида 34 минг 52 тонна сульфат кислотаси етказиб берилди. Шунингдек, қўшни давлатга 79 минг 375 тонна қўрғошин концентрати экспорт қилинди.

Корхонада қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг фойдаланиладиган мис купороси экспорти борасида ҳам юқори натижалар қайд этилган. Комбинат томонидан ишлаб чиқарилаётган ушбу маҳсулот экспорти Польша, Украина, Беларусь, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, ?ндонезия ҳиссасига тўғри келади. Ушбу давлатларга ўтган давр мобайнида 5 минг 539 тонна мис купороси сотилган.

Комбинат қаттиқ қотишмали материаллар тайёрлашда асқотувчи молибден металли ишлаб чиқарадиган жаҳондаги йирик мажмуалардан бири саналади.  Ушбу материалларнинг асосий хоридорлари ҳам ташқи бозор иштироқчиларидир.  Корхонада ишлаб чиқарилган қаттиқ қотишмали материаллардан тайёрланган молибден металлининг асосий ҳажмини нидерландиялик ҳамкорлар сотиб олган. Ҳисоботлардаги маълумотларга кўра, уларга нидерландияликларга 490 тонна молибден етказиб берилган.

Комбинат мутахассислари томонидан ноёб ва нодир металларни олиш бўйича самарали изланишлар олиб борилиб, юқори натижаларга эришилмоқда. Жумладан, 2020 йил январь-сентябрь ҳолатига ана шундай қимматбаҳо металлар сирасига кирувчи рений экспорт режаси 361,6 фоизни, теллур экспорти 176 фоизни, селен экспорти 320 фоизни ташкил қилди.

Шунингдек, комбинатда қурилиш соҳасида асосий материал ҳисобланган цемент ва портландцемент экспорти бўйича натижалар ҳам эътиборга молик. Жумладан, ўтган даврда 6 минг тоннадан ортиқ  портландцемент Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонга экспорт қилинган. 11 минг тонна цемент маҳсулоти эса қўшни Афғонистон давлатига йўналтирилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, бугун комбинатда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги конларни ўзлаштириш борасида амалга ошрилаётган  ислоҳотлар келгусида мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишига ва аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net