Ўзбекистон-Татаристон бизнес-форуми ва икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида B2B форматидаги музокаралар ташкил этилди

13.04.2022 15:00

ТОШКЕНТ, 13 апрель. /«Дунё» АА/. Кеча Тошкентда Ўзбекистон – Татаристон бизнес форуми ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида B2B форматида музокара бўлиб ўтди.

Савдо-саноат палатаси маълумотига кўра, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида уюштирилган, мамлакатимизнинг тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 150 дан зиёд вакили иштирок этган тадбирда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.

Татаристон делегацияси таркибида республиканинг етакчи корхоналари мутахассислари борлиги, Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик қилиш кўзда тутилаётгани қайд этилди.

Томонлар тадбиркорлар, инвесторларни жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратиш, истиқболли соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, шериклик кўламини янада кенгайтириш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштириш тарафдори эканини билдирди.

Тўқимачилик, электротехника саноати, фармацевтика, биология-тиббиёт, ахборот технологиялари сингари устувор йўналишларда алоқа ўрнатиш имконияти мавжудлиги эътироф этилди.

Анжуманда тегишли тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳар бир йўналишнинг инвестиция, саноат ва савдо салоҳиятини тақдимот кўринишида атрофлича очиб берди. Хорижий сармоя жалб этилишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг мавжуд механизмлари ҳамда чет эл капитали иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида татаристонлик инвесторлар ва тадбиркорларга бир қатор истиқболли таклифлар билдирилди. Айни лойиҳалар озиқ-овқат, нефть-газ, фармацевтика, таълим, муҳандислик, ишлаб чиқариш каби муҳим йўналишларни қамраб олган.

Форум доирасида ташкил этилган «В2В» шаклидаги учрашувлар икки томон бизнес вакилларига ўзаро фикр, лойиҳа, таклиф алмашиш, ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилиш ва аниқ келишувларга эришиш учун платформа бўлиб хизмат қилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net