Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси делегацияси Швейцарияда бўлди

16.05.2022 10:01

ЖЕНЕВА, 16 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев бошчилигидаги делегация Швейцария Конфедерациясида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси маълумотига кўра, ушбу амалий сафар доирасида Швейцария Федерал солиқ администрацияси (ФСА) раҳбари Адриан Ҳуг ва Цуг кантони солиқ идораси масъул раҳбари Филипп Мус билан учрашувлар ўтказилди.

Таъкидлаш жойизки, Швейцария кенг қамровли масофавий хизмат кўрсатиш тизимини жорий қилиш ҳисобига Халқаро солиқ рақобатбардошлиги индексида 4-ўринни эгаллайди. Мамлакат ўтган йили  96 хорижий давлат солиқ маъмуриятлари билан маълумот алмашгани  натижасида қўшимча 4 миллиард швейцария франки
(4,4 миллиард АҚШ доллари) миқдорида солиқ ундирилиши таъминланган.

Цуг кантони, ўз навбатида, бизнес ва криптовалютани тартибга солиш соҳасида мустаҳкам норматив-ҳуқуқий базани яратиш орқали дунёнинг криптовалюта марказига (“Криптотехнологиялар водийсига”) айланган. Бугунги кунда Швейцарияда 1,1 минг криптокорхоналар фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг беш юздан зиёди Цуг кантонатида жойлашган.

Учрашувлар доирасида Швейцарияда солиқ маъмурчилиги, қўшимча қиймат солиғи қўлланилиши, солиқ маълумотлари маҳфийлиги ва бошқа долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Ташриф якунлари бўйича Швейцария солиқ администрацияси ва Цуг кантони билан ҳамкорликни кенгайтириш ва техник хамкорлик доирасида тегишли тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net