Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасида ташқи савдо масалалари бўйича музокаралар бўлиб ўтди

08.03.2020 12:00

ТОШКЕНТ, 8 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ва Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Б.Султонов ўртасида Ўзбекистон –Қозоғистон чегарасидаги “Ғишт кўприк – Жибек жоли” чегара пости ҳудудида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири вазирлик ахборот хизмати маълумотига асосланган ЎзА манбасига таяниб.

Қайд этилишича, музокаралар давомида жорий савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ва уни жадаллаштириш механизмлари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, ушбу йўналишда ҳозирги кундаги ўсиш суръатлари таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, 2019 йил якунида ўзаро савдо айланмаси ҳажми 14 фоизга ўсиб, 3 миллиард доллардан ошди.

Мулоқотда ўзаро товар оқими мувозанатини таъминлаш орқали савдо ҳажмини оширишда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар кўриб чиқилди. Ўзбекистон билан Қозоғистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини етказиб бериш орқали товарлар тури ва ҳажмини кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Ушбу таклифлар жорий йил апрель ойида ўтадиган товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича Ўзбекистон – Қозоғистон идоралараро ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишида атрофлича кўриб чиқилади.

?кки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашув ва мулоқотлари чоғида эришилган келишувларда ўзаро товар айланмаси ҳажмини яқин истиқболда 5 миллиард долларга, яқин 2-3 йилликда эса 10 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланган.

Учрашувда божхона нормалари, стандартларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш, божхона ахборот тизимларини бирлаштириш, замонавий логистика марказлари қуриш дастурини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Юкларни ташиш, етказиб беришда вақт ва маблағ сарфини камайтириш учун чегара ўтиш жойларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича амалий ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар “Марказий Осиё” Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини (ХС?ҲМ) ташкил этиш бўйича ишларни кучайтиришга келишиб олди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси биргаликда ишлаб чиқилиб, янги конструктив таклифлар эълон қилинди.

Шунингдек, учрашув иштирокчилари ХС?ҲМни жойлаштириш ҳудудларини кўриб чиқди.

Музокарада мавжуд савдо тўсиқларини бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси”ни қабул қилишга келишилди. Жорий йил якунига қадар аниқ натижаларга эришишга қаратилган устувор тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net