“Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши масаласи муҳокама қилинди

20.05.2020 10:32

ТОШКЕНТ, 20 май. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Элёр Ғаниев, Қирғизистон Республикаси транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов, Хитой Халқ Республикасининг ?слоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитасининг чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти бош директори ўринбосари Чжэн Чипин бошчилигида видеоконференция алоқа шаклида учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.

Ўзбекистон томони ташаббуси билан ташкил этилган онлайн учрашувда “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича келгуси амалий чоралар муҳокама қилинди.

Хусусан, ушбу лойиҳа юзасидан томонлар тақдим этилган темир йўл қурилиши маршрутлари бўйича ягона тўхтамга келиш, лойиҳалаш ва қурилиш ишларида қўлланилаётган техник стандартлар, лойиҳани молиялаштириш манбалари ва бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Видеоанжуманда Элёр Ғаниев сўзга чиқиб, пандемия шароитида давлат чегаралари орқали темир йўл транспортида юкларни ташиш долзарб аҳамият касб этиб бораётгани таъкидлади.

“Санитария-эпидемиология стандартлари шартларига мувофиқ деярли барча транспорт турларида юк ташувларига чекловлар қўйилмоқда. Карантин чоралари туфайли давлатларимиз ўртасида автомобилда юк ташувлари чекланган ҳолда амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнлар фонида энг хавфсиз, ишончли транспорт воситаси эса темир йўл бўлиб қолмоқда. Айнан шу жиҳатнинг ўзи ҳам мазкур лойиҳани ҳаётга тезроқ татбиқ этиш зарурлиги кўрсатмоқда”, деди Э.Ғаниев.

Учрашувда Хитой ва Қирғизистон томони мазкур темир йўл линияси ўтиши мумкин бўлган ҳудудлар бўйича берган таклифлари атрофлича ўрганилди. Тақдим этилган темир йўл қурилиши йўналиши бўйича ягона тўхтамга келиш мақсадида лойиҳанинг техник ва иқтисодий жиҳатларини яна бир бор кўриб чиқиш ва келаси ҳафтада ҳам шу форматдаги учрашув ўтказишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net