Ўзбекистон пахтасига бойкотнинг тугатилгани Америкалик экспертлар нигоҳида

01.04.2022 12:01

ВАШ?НГТОН, 1 апрель. /«Дунё» АА/.  Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, Американинг «Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти» платформасида («The Oxus Society for Central Asian Affairs») «Cotton Campaign» халқаро коалицияси томонидан Ўзбекистон пахтасига бойкотнинг тугатилиши ва ўзбек тўқимачилик саноати истиқболларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда асосий маърузачилар Питсбург университетининг Менежмент ва бозорлар маркази директори Женифер Муртазашвили, Жанубий Калифорния университетининг инсон ҳуқуқлари бўйича профессори Стив Свердлов, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги бош маслаҳатчиси Йонас Аструп  ва ҳуқуқшунос Дилфуза Куролова иштирок этди.

Экспертлар томонидан Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатни бутунлай таъқиқлаш, ўзбек пахтасига бойкотнинг тугатилиши мамлакат раҳбариятининг қатъий сиёсий иродаси туфайли амалга оширилди, деган якдил фикр  қайд этилди.

Женифер Муртазашвилининг айтишича, Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича сезиларли муваффақиятлар 2017 йилдан бери кузатилмоқда, бу асосан, мамлакат ҳукуматининг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли рўй бермоқда. Унинг айтишича, пахтанинг мамлакат иқтисодиётида қанчалик чуқур илдиз отганлиги ҳисобга олинадиган бўлса, амалдаги қишлоқ хўжалиги моделини ўзгартириш тўғрисида қарор  осонликча қабул қилинмаган.

«Менимча, Ўзбекистон буни ташқи босим туфайли амалга оширгани йўқ. Улар мамлакатда иш ўринларини яратиш учун бундай самарали қадамни ташлаганларига аминман. Бутун ислоҳотлар стратегияси Ўзбекистоннинг пахта хом ашёсини экспорт қилувчи мамлакатдан тўқимачилик ва кийим-кечак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчига айлантириш ва шу орқали қўшимча қиймат занжирини кўтариш, иқтисодиётни рағбатлантириш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган, деди ХМТ вакили Йонас Аструп. Пахта теримида болалар ёки мажбурий меҳнатдан фойдаланиш тарафдори бўлган ўзбекларни ҳеч қачон учратмаганман. Ҳамма унга чек қўйишни хоҳлади ва ҳамма биргаликда ишлади. Президент Шавкат Мирзиёев сиёсий иродани намойиш этган ҳолда бундай ҳаракатларга бутунлай чек қўйди».

Йонас Аструп, шунингдек, Ўзбекистоннинг янги иш ўринлари яратиш ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришдаги кейинги муваффақиятлари минтақадаги бошқа мамлакатлар учун ислоҳотларнинг намунаси бўлиши мумкинлигини қайд этди.

Стив Свердлов таъкидлаганидек, ҳуқуқ ҳимоячилари ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирган халқаро коалиция томонидан пахта байкотининг тугатилиши Ўзбекистон ҳукумати, фуқаролик  жамияти фаоллари ва хусусий сектор ўртасидаги ноёб комбинациянинг ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг натижаси бўлди.

Унинг айтишича, Ўзбекистон пахтачилик соҳасини инсонийлик нуқтаи назаридан янада ривожлантириш учун ўзаро қайта алоқа механизмларини кучайтириш, ходимлар ва иш берувчилар ўртасида жамоавий шартномаларни рағбатлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари  ролини кучайтириш ва жамият эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш керак.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net