Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини Приморье ўлкасига экспортини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди

07.03.2020 11:55

ТОШКЕНТ, 7 март. /«Дунё»АА/. Россиянинг Приморье ўлкаси Ҳукумати раиси ўринбосари Костантин Шестаков бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Делегация таркибидан Приморье ўлкасининг йирик савдо тармоқлари, улгуржи савдо билан шуғулланувчи компаниялари раҳбарлари ҳам ўрин олган. Ташриф доирасида делегация аъзолари «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири компания маълумотига таяниб.

Ўзаро мулоқотда «Ўзбекозиқоватхолдинг» компанияси бошқарув раиси ўринбосари Абдумалик Абдуллаев, бошқарма бошлиғи Баҳодир Юнусов меҳмонларни мамлакатимизнинг хўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича экспорт салоҳияти билан яқиндан таништирди.

Шундан сўнг, юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини Приморье ўлкасига экспортини йўлга қўйиш бўйича  музокара  олиб борилди. Унда Приморье ўлкасида Ўзбекистон маҳсулотлари  ярмаркасини ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди.

– Ўзбекистон заминида етиштирилган мева-сабзавотлар ўзининг ажойиб таъми, юқори сифати билан ажралиб туради, –деди Приморье ўлкаси Ҳукумати раиси ўринбосари Костантин Шестаков. – Приморье ўлкасида Ўзбекистон маҳсулотлари ярмаркаларини ташкил этиш мижозларга ана шундай ноз-неъматларни тўғридан-тўғри харид қилиш имкониятини  яратишдан ташқари ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигимизни  кенгайтиришга хизмат қилади.

Учрашув якунида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси ва Приморье ўлкаси Ҳукумати  ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми  имзоланди. 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net