Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Ар-Риёдда юқори даражадаги музокаралар ўтказмоқда

04.05.2021 10:40

ТОШКЕНТ, 4 май. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Ар-Риёдга ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Саудия Арабистони Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги ҳамда Давлат инвестиция жамғармаси раҳбарияти билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра,  музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасида меҳнат муносабатлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шу ўринда икки мамлакат иқтисодий тармоқлари кесимида малакали меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, меҳнат масалалари бўйича амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолаш орқали Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш зарурлиги таъкидланди.

Меҳнат муносабатлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни тизимлаштириш мақсадида Саудия Арабистони Подшоҳлигида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ваколатхонасини очиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Давлат инвестиция Жамғармаси раҳбарияти билан музокаралар чоғида инвестициявий, энергетика, молиявий-техник соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар «ACWA Power» компанияси билан бирга энергетика соҳасида лойиҳаларни амалга оширишда эришилган ютуқлар, шунингдек, янги истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилаётган ишларни ижобий қайд этди.

Қўшма лойиҳа ва ташаббусларни рўёбга чиқариш борасида Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Ўзбекистоннинг Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Саудия Арабистони Жамғармаси раҳбариятининг фикрича, Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётган бир пайтда Республика иқтисодиётига сармоя киритиш – ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши ҳисобланади.

Музокаралар якунида Жамғарма раҳбарияти ҳамда Ўзбекистоннинг асосий вазирликлари ва идоралари раҳбарлари иштирокида мунтазам учрашув ва музокаралар ўтказиш йўли билан инвестициялар соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг оптимал имконият ва йўналишларини аниқлаш мақсадида мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Маълумот учун: Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси умумий активлари 390 миллиард долларга тенг бўлган дунёнинг энг йирик суверен инвестиция жамғармаларидан бири ҳисобланади. Жамғарма 1971 йилда Саудия Арабистони миллий иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Жамғарма ташкил этилганидан буён Подшоҳликнинг асосий инвестициявий воситаси бўлиб, нефтни қайта ишлаш, нефть кимёси, энергетика, телекоммуникация ва бошқа соҳалардаги стратегик лойиҳаларни молиялаштиришда муҳим аҳамият касб этади. 2014 йилдан бери Жамғармага Подшоҳлик ичида ва ташқарисида янги лойиҳаларни молиялаштириш ваколати берилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net