Ўзбекистон энергетика вазирлигида Саудия Арабистони делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

26.01.2021 11:37

ТОШКЕНТ, 26 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов якшанба куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Вазирлик матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув аввалида Ҳолид ал-Фалиҳ Саудия Арабистони делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи пандемия оқибатида юзага келган узоқ давом этган карантиндан кейинги хорижга илк сафари эканини қайд этди.

Саудия Арабистони инвестициялар вазири Тошкент шаҳрига 2017 йилдаги сўнгги ташрифидан бери Ўзбекистон иқтисодиёти трансформацияси изчил ривожланаётганини таъкидлади.

Подшоҳлик вакиллари Ўзбекистонда бизнес юритишдаги очиқлик ва профессионалликни алоҳида қайд этди. Бунга мамлакат Президентининг етакчилик фазилатлари туфайли эришилгани ва мазкур вазият йирик инвесторлар ҳамда энергетика компанияларига Ўзбекистоннинг истиқболли энергетика бозорига кириб келиш имконини бераётганини айтди.  

Ҳолид ал-Фалиҳ, шунингдек, «ACWA Power» томонидан амалга оширилаётган Сирдарё вилоятида иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси Саудия Арабистони компаниялари томонидан мамлакат иқтисодиётининг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли инвестициялар учун фақат бошланиши эканига ишонч билдирди.

Саудия томони Ўзбекистонда «ACWA Power» компанияси билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот маркази ташкил этиш бўйича бошланаётган лойиҳа доирасида водород энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилишдан умиди катта эканини таъкидлади.  

Музокаралар якунида томонлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net