Ўзбекистон делегацияси МАГАТЭ анжуманида иштирок этмоқда

10.02.2020 13:37

ТОШКЕНТ, 10 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон делегацияси Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ)нинг  Венадаги бош қароргоҳида ўтказилаётган Физикавий ядровий хавфсизлик бўйича халқаро анжуманда иштирок этмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумотига таяниб.

Анжуманнинг очилишида МАГАТЭ бош директори Рафаэль Мариано Гросси сўзга чиқди.  

Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов мамлакатимиз ядровий қуролсизланиш ва оммавий қирғин қуролини тарқатмаслик жараёнларига изчил равишда содиқ бўлиб қолаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва МАГАТЭ ўртасидаги кафолатларни қўллаш тўғрисидаги битим бўйича ўз мажбуриятларини оғишмай бажариб келмоқда.

Айни пайтда қайд этилдики, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мамлакатнинг бақарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, шунингдек электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондириш учун энергетика тармоғининг келгуси ривожланишини чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида ўзининг ядровий энергетикасини яратиш бўйича таклиф ишлаб чиқилган.

Ушбу таклифни тайёрлашда кўп сонли омиллар, жумладан, энергетик хавфсизликни таъминлаш зарурияти, атроф-муҳитга углерод чиқарилиши миқдорини қисқартириш ва бошқалар ҳисобга олинди.

Биринчи атом электрстанциясини қуриш бўйича қарор қабул қилиниши ядровий инфратузилмани яратиш бўйича фаолиятни ривожлантириш учун туртки бўлиб хизмат қилди. Жумладан, “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси ва мамлакатнинг ядровий-энергетик дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш стратегияси қабул қилинди.

Энергетика вазири МАГАТЭ билан самарали ҳамкорликни қайд этди, унинг доирасида 2020 йилнинг биринчи ярмида халқаро ташкилотнинг юқори малакали экспертларини жалб қилган ҳолда 15 та миллий семинар ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, январь ойида Тошкентда Ядровий хавфсизлик тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

МАГАТЭ билан ҳамкорликнинг муҳим қисми – бу ривожланган ва ривожланаётган атом энергетикаси бор мамлакатлар тажрибасини ўрганишдан иборат бўлиб, бу Ўзбекистон Республикаси каби ядровий-энергетика дастурини ривожлантиришда илк қадамларини қўяётган мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Ўзбекистон делегациялари Франция, Венгрия, Россия, Украина, Япония электростанциялари фаолияти билан танишди.

Миллий ядро инфратузилма ҳолатини ҳар томонлама баҳолаш ҳамда ядровий-энергетика дастурининг хавфсизлиги, ишончлилиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси 2020 йилда МАГАТЭнинг Ядровий инфратузилмасини комплекс кўриб чиқиш бўйича миссияси ўтказишни сўраган. Ушбу тадбир жорий йил октябрь ойида амалга оширилиши кутилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net