Ўзбекистон «China International Import Expo 2020» халқаро кўргазмасида қатнашмоқда

05.11.2020 10:01

ШАНХАЙ, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Шанхайдаги «National Exhibition and Convention Center» кўргазма марказида “Янги давр, умумий келажак” номли ?мпорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров. 

Халқаро кўргазмада 170 дан ортиқ мамлакатдан 4 мингдан зиёд компания, жумладан, “Fortune 500” рўйхатидан жой олган 250 дан ортиқ компания иштирок этмоқда. Кўргазма павильонининг умумий майдони 360 минг квадрат метрни ташкил этди.

Мазкур кўргазма Хитой Халқ Республикаси савдо вазирлиги ва Шанхай шаҳри Халқ ҳукумати томонидан Жаҳон савдо ташкилоти ва БМТнинг бошқа тузилмалари шафелигида ўтказилмоқда. Унинг фаолияти озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, автомобиль саноати, юқори сифатли саноат ускуналари, ақлли ахборот технологиялари, истеъмол товарлари, тиббий асбоб-ускуналар ва маҳсулотлар, савдо-сотиқ ва бошқа асосий йўналишларга қаратилган.

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси ва Шанхайдаги Бош консулхонаси билан биргаликда ушбу кўргазмада “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида миллий павильон ташкил этди. Павильонда дунёдаги энг йирик Хитой бозорида ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг харидоргир бўлган турли-туман экспортбоп маҳсулотлари тақдим этилмоқда.

Мазкур кўргазмада мамлакатимизнинг 15 та йирик компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги, қуритилган ва музлатилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, нон ва қандолат маҳсулотлари, ичимликлар ва бошқа энг яхши харидоргир маҳсулотлар намойиши билан қатнашмоқда. Улар қаторида «Europrint Kokand», «Hamkor», «Global Export Company», «Xiva Honey», «Samarkand Garden Plast», «Class Food Servis», «Smart Food», «Karya Export Consulting» ва бошқалар бор.

«Global Export Company» компанияси Ўзбекистонда дуккакли маҳсулотларнинг энг йирик экспортчиларидан биридир. Компания вакили Аббос Ботировнинг айтишича, CIIE 2020 кўргазмасида қатнашиш ўз бизнесини нафақат Хитой, балки бутун Шарқий Осиё бозорига олиб чиқиш учун ажойиб имкониятдир. “Ҳар йили ушбу халқаро кўргазмада дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакат ва минтақасидан 150 мингга яқин профессионал харидор ва корхоналар иштирок этиши бизга тўқимачилик, истеъмол товарлари, дуккакли маҳсулотлар, қуритилган мева ва ёнғоқлар, кенг турдаги бошқа маҳсулотлар экспорти учун тўғридан-тўғри харидор ва импортчиларни топишда катта имконият яратмоқда”, деди у.

Жорий кўргазманинг ўтган йилгисига нисбатан ўзига хослиги шундан иборатки, бу гал унда ўз маҳсулотларини Хитойга етказиб беришга тайёр бўлган Ўзбекистоннинг янги компаниялари иштирок этмоқда. Уларнинг баъзилари аллақачон Хитой бозорида етарли тажриба тўплаган. Хусусан, “Sladus Produce” компанияси Хитойга қандолат маҳсулотлари экспорти билан шуғулланади.

Кўргазмада илк бор иштирок этаётган компаниялар қаторида ўзининг ноёб янги маҳсулоти – «Strobar» шоколад батонини тақдим қилаётган «N’Medov» холдингини келтириш мумкин. Ушбу қандолат маҳсулоти юқори сифатли хом-ашёдан Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларида ўхшаши йўқ Европанинг илғор технологик ускуналарида ишлаб чиқарилмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, бу галги кўргазмада Хитой ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган ўзбек тадбиркорларининг онлайн иштироки ҳам таъминланган. Яъни улар учун интернет тармоғи орқали реал вақтда тадбирга уланиш имконияти яратилди.

Ўтган йилги иштирок натижасида Ўзбекистоннинг Хитой билан савдо-иқтисодий ҳамкорлиги сезиларли даражада кенгайди. Мамлакатимизнинг қатор компаниялари улкан Хитой бозорида ўзларининг “муваффақият тарихига («success stories»)  эга.

Масалан, 2019 йилги кўргазма якунлари бўйича Ўзбекистоннинг “Green Day Import Export” компанияси Хитойга 10 миллион долларлик гилос етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. “Саховат бройлер” компанияси хитойлик ҳамкорларга товуқ маҳсулотлари сотиш бўйича келишувга эришган. «Agro Farovon Zamin» ҳам Хитой бозорига кириш имкониятига эга бўлди ва ушбу компания бодомнинг дастлабки жўнатмасини юборишга шай турибди.

Хитой бозорига етказиб беришга рухсат этилган Ўзбекистон маҳсулотлари турлари кўпайгани ушбу кўргазмада кенгайтирилган ассортиментдаги маҳсулот турлари билан қатнашиш учун янада кўпроқ имкониятлар эшигини очди. Шундай қилиб, Ўзбекистон ишбилармонлари, жумладан, кичик ва ўрта бизнес субъектлари Хитойга экспорт ҳажмини изчил ошириб боради.

10 ноябрга қадар давом этадиган ?мпорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Республикаси ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси ва Шанхайдаги Бош консулхонаси кўмагида «Doing Business in Uzbekistan» мавзуида бизнес-форум ташкил этилди.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов форум очилишида сўзга чиқиб, икки мамлакатнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада жадаллашганини қайд этди. Ўзбекистонда хорижий шериклар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ва бизнес юритиш муҳитининг тобора яхшиланаётгани хитойлик ишбилармонлар учун янги истиқболларни очмоқда.

Анжуман иштирокчилари эътиборига Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш имкониятлари тўғрисида кенгайтирилган тақдимот ҳавола этилди. Ўзбекистон Республикаси ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Ўзкимёсаноат” ОАЖ, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзэлтехсаноат” уюшмалари ва мамлакатимизнинг бошқа идоралари вакиллари тадбирнинг асосий маърузачилари бўлди.

Хитойнинг “Holley Group” ва “Shanghai Construction Group” компаниялари раҳбарлари Ўзбекистондаги муваффақиятли фаолияти ҳамда мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган қулай сармоявий шарт-шароитлар ҳақида сўзлаб берди.

Бизнес-форум доирасида хитойлик харидорлар билан 2021 йилда ўзбек маҳсулотларини етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари имзоланди. Хусасан, “China Chengtong International Co. LTD” компанияси билан 100 миллион долларга тенг миқдорда ип-калава ва “Beijing Sinex Co LTD” компанияси билан 50 миллион долларга тенг миқдорда мош етказиб бериш бўйича келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net