Ўзбекистон – Британия: нефть-газ соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда

05.02.2020 10:15

ТОШКЕНТ, 5 февраль. /“Дунё” АА/. Энергетика вазири Алишер Султонов Буюк Британия ва Шимолий ?рландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Торлот билан учрашди.

Учрашувда Британия компаниялари ва ташкилотлари иштирокида нефть-газ соҳасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бориши муҳокама этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига асосланиб.

Жумладан, томонлар «British Petroleum» (Буюк Британия) ва «SOCAR» (Озарбайжон) компаниялари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси инвестиция блокларида (Оролбўйи, Самск-Косбулакск ва Бойтерак) геология-қидирув ишларини ўтказиш имкониятларини ўрганди.

Ушбу йўналишда иш олиб бориш учун 2018 йилнинг май ойида ўзаро англашув меморандуми имзоланган, 2019 йилнинг май ойида эса Устюрт ҳудудидаги учта инвестиция блокида қидирув салоҳиятини баҳолаш бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш бўйича битимга эришилганди. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти, «British Petroleum» ва «SOCAR» компаниялари мутахассислари иштирокида бир қатор учрашувлар ўтказилиб, қатор келишувларга эришилди.

2020 йил февраль ойида «British Petroleum» ва «SOCAR» мутахассислари мамлакатимизда бўлиб, келишувнинг асосий шартларини (“Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисида келишув”) муҳокама этишлари кутилмоқда. 

Мулоқотда таъкидланганидек, Энергетика вазирлиги бўлажак  учрашувда самарадорликка эришиш учун қўшма лойиҳанинг техник баҳоланишини Буюк Британия томонидан тезлаштирилишини кутмоқда.

Буюк Британия дипломатик ваколатхонаси вакиллари ушбу мамлакат инвесторларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади.

Учрашувда, шунингдек, ҳамкорликнинг истиқболлари йўналишлари юзасидан фикр алмашилди, дейилади хабарда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net