“Ўзатом” делегацияси Ҳиндистон атом энергетикаси объектларига ташриф буюрди

18.02.2020 17:40

ТОШКЕНТ, 18 февраль. /“Дунё” АА/. “Ўзатом” агентлиги делегацияси Ҳиндистоннинг атом электр станциялари қурилиши ва эксплуатацияси тажрибасини ўрганиш, тегишли вазирлик ва идоралар билан атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида ушбу мамлакатга борди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири  Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумотига таяниб.

Мазкур ташриф Атом энергетикаси бўйича департамент котиби – Ҳиндистон атом энергетикаси бўйича комиссия раиси Шри Вяс билан ўтказилган музокаралар доирасида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон делегацияси дастлаб Ҳиндистон ҳукумати ҳузуридаги Атом энергиясини ривожлантириш департаменти тизимига кирувчи корхоналар вакиллари билан учрашди. Учрашувда атом энергетикаси бўйича турли йўналишларда, жумладан, кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистонда АЭС қурилиши ва лойиҳалаштириш ишлари бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳамда ядро тиббиётини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш борасида таклифлар билдирилди.

Ҳиндистон томони Ўзбекистон Республикасида миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини ҳам маълум қилди.

Ҳиндистондаги барча атом электр станциялари оператори – Ҳиндистон ядро энергетикаси корпорацияси вакиллари билан ўтказилган  суҳбатда атом энергетикаси дастурларини амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистон делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи давом этмоқда. Ташриф дастуридан “Куданкулам” атом электр  станциясига ташриф буюриш ҳамда соҳага алоқадор идоралар ва компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net