USAID Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

29.05.2020 10:54

USAID Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини ошириш ва амалга ошириш тўғрисида маълум қилди.

28-май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори ёрдамчиси Глориа Стил иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Музокаралар ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Шуҳрат Вафаев ва Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев иштирокида видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Глориа Стил фақат Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида USAID йўналиши бўйича 120 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги лойиҳалар амалга оширилганини таъкидлади. 2020-йилда CОVID-19 тарқалишига қарши кураш, жумладан лаборатория базалари салоҳиятини кенгайтириш ва тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш учун USAID Ўзбекистонга 3,8 миллион доллар ажратди.

Қайд этилганидек, “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳаси фермерларга мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилишнинг замонавий усулларини жорий этишда ёрдам берди. Ушбу йўналишдаги муваффақиятли ҳамкорликни давом эттириш мақсадида, USAID “Ўзбекистонда агробизнесни ривожлантириш” дастурини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

Суҳбат чоғида, шунингдек, савдони ривожлантириш, энергетика соҳасини модернизация қилиш, ўрта ва олий таълимни мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш каби соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net