USAID техник миссияси 1-3 февраль кунлари Қорақалпоғистонда бўлади

01.02.2021 11:56

ТОШКЕНТ, 1 февраль. /«Дунё» АА/. АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги  (United States Agency for International Development – USAID) техник миссияси жорий йил 1-3 февраль кунлари Қорақалпоғистонда бўлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Гуруҳ мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасига бириктирилган Қўнғирот ва Қораўзак туманлари ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини баҳолайди, Агентлик томонидан Оролбўйи минтақасида лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиладиган молиявий маблағлар сарҳисобини қилади.

Ўзбекистон элчихонаси маълум қилишича, мазкур ташриф 15 январь куни элчи Жавлон Ваҳобов ва USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Ребекка Блэк учрашуви чоғида эришилган келишувлар доирасида амалга оширилмоқда.

Элчи АҚШ вакилига ўтган йил декабрь ойида Қорақалпоғистонга, хусусан,  Қўнғирот ва Қораўзак туманларига қилган сафарининг асосий натижалари ҳақида сўзлаб берди.

Мулоқотда Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган мураккаб ижтимоий-экологик вазиятга эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, Қорақалпоғистон мактабгача таълим муассасаларини сув тозалаш фильтрлари ўрнатиш орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Бу билан ушбу таълим муассасалари жойлашган маҳаллалар аҳолисининг ҳам тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қоплашга кўмаклашиш мумкин.

Аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги долзарб эҳтиёжлар қайд этилди. Қишлоқ хўжалигини Қорақалпоғистоннинг бугунги иқлим шароитига мослаштириш зарурлиги таъкидланди.

Учрашувда ўрта ва олий маълумот тизимини мустаҳкамлаш, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги инфратузилма ва инсон салоҳиятини яхшилаш масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистонда жорий қилинган қиймати 21,5 миллион доллар бўлган «Тинчлик учун озиқ-овқат» беш йиллик дастури Қорақалпоғистондаги ўзаро ҳамкорлик учун ижобий намуна экани таъкидланди.

Мазкур лойиҳа Американинг «Mercy Corps», нодавлат ташкилоти томонидан амалга оширилади ва Қорақалпоғистон мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва кадрлар салоҳиятини яхшилашга йўналтирилади.

Ташкилот режасига мувофиқ, 610 дан ортиқ мактабгача таълим муассасасида витаминлар ва минераллар билан бойитилган болалар овқатлари тизими таъминланади, зарур инфратузилма яратилади. Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорликда таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилади, сув таъминоти ва канализация шароитлари яхшиланади, ресурс тежайдиган технологиялар ва сувни биологик тозалаш тизимлари жорий этилади.

Мамлакатимиз учун USAID билан ҳамкорликнинг Оролбўйи минтақасида соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, қишлоқ жойларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ерларнинг янада шўрланиши ва чўлланишининг олдини олиш, шунингдек, қурғоқчиликка чидамли қишлоқ хўжалиги экинлари технологияларини жорий этиш бўйича молиявий ва техник ёрдам дастурларини кенгайтириш йўналишлари устувор ҳисобланади.

USAIDнинг Ребекка Блэк бошчилигидаги делегациясининг Қорақалпоғистонга ташрифи дастуридан соғлиқни сақлаш, халқ таълими, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, шунингдек, республика Вазирлар Кенгашидаги учрашувлар ўрин олган. Агентлик техник миссияси маҳаллий раҳбарлар билан музокаралар ўтказиш учун Қўнғирот ва Қораўзак туманларига ташриф буюришни ҳам режалаштирган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net