Уфада енгил саноат, машинасозлик ва нефть кимёси сингари соҳаларда бизнес миссия ва учрашувларни биргаликда ташкил этишга келишиб олинди

26.07.2022 14:29

ҚОЗОН, 26 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси делегацияси “Тошкент ва Уфа савдо-иқтисодий ҳамкорлиги” онлайн-конференциясида иштирок этиш учун амалий сафар билан Уфа шаҳрида (Бошқирдистон Республикаси) бўлди.

Мазкур онлайн тадбир давомида мамлакатимиз дипломатия ваколатхонаси делегацияси томонидан савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, 2022 йилнинг май ойида Р.Хабиров бошчилигидаги Бошқирдистон Республикаси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида саноат ишлаб чиқариши, туризм ва умумий овқатланиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференция якунлари бўйича келажакда енгил саноат, машинасозлик ва нефть кимёси сингари соҳаларда бизнес миссия ва учрашувларни биргаликда ташкил этишга келишиб олинди.

Тадбир сўнггида бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида мамлакатимиз Бош консули Ф.Насриев оммавий ахборот воситалари вакилларининг Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида минтақалараро даражадаги муносабатларга оид саволларига  жавоб қайтарди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net