Туркия компанияси Ўзбекистонда заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширади

08.10.2021 18:24

АНҚАРА, 8 октябрь. /«Дунё» АА/.  «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Нодир Мираҳмедов бошчилигидаги  делегация Туркияда амалий сафар билан бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Сафар доирасида заргарлик соҳасидаги йирик компаниялар, Туркия хориждаги ватандошлар ва диаспора ишлари бўйича бош бошқармаси ҳамда Анқара Хожи Байрам Вали университети раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди.

Учрашувлар натижасида Ўзбекистонда «Nar Altin A.Ş.» компанияси билан биргаликда заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳасини амалга оширишга  келишилди.

Туркия хориждаги ватандошлар ва диаспора ишлари бўйича бош бошқармаси раиси ўринбосари Сайит Юсуф билан бўлиб ўтган мулоқот натижасида ўзбекистонлик талабаларга ушбу мамлакатнинг етакчи университетларида заргарлик мутахассислиги бўйича профессионал таълим олиш ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари ва амалиётини ташкил қилиш учун грант ажратиш бўйича бир тўхтамга келинди.

Эътиборлиси, Туркия билан ҳамкорлик доирасида жорий йилда Ўзбекистондан илк 14 нафар талаба Анқара ва бошқа шаҳарларда заргарлик йўналиши бўйича таълим олишни бошлаган.

Анқара Хожи Байрам Вали университети ректори Орхан Куртоглу билан бўлиб ўтган музокаралар натижасида мамлакатимиз техник таълим муассасалари ўртасида заргарлик йўналиши бўйича икки томонлама диплом бериш дастурини йўлга қўйиш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш масалаларини ишлаб чиқишга келишилди.

 “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси делегацияси, шунингдек, 7-10 октябрь кунлари «Istanbul Jewelry Show 2021» кўргазмасида миллий ахборот стенди билан қатнашмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net