ТРАСЕКА лойиҳаси бўйича ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди

03.03.2020 11:06

ТОШКЕНТ, 3 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида ТРАСЕКА Бош котиби Асет Асавбаев билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда ТРАСЕКА транспорт йўлаги иш фаолиятини қайта жонлантириш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига таяниб.

Хусусан, учрашувда ушбу транспорт йўлагининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар хусусида сўз борди.

Транспорт вазири Элёр Ғаниев мазкур транспорт йўлаги имкониятларидан тўлиқ фойдаланилган йилларда юк ташувлар ҳажми юқори бўлганини алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда Баку – Тбилиси – Қарс темир йўли салоҳиятидан унумли фойдаланган ҳолда ТРАСЕКА транспорт йўлаги фаолиятини қайта жонлантириш учун барча зарур имконият борлиги қайд этилди.

Ўз навбатида, Асет Асавбаев учрашувда ТРАСЕКА йўлагини рақамлаштириш, ташувлар хавфсизлигини таъминлаш, чегараларни кесиб ўтиш тартибини такомиллаштириш, логистика марказлари ва портлар ишлашини оптималлаштириш, шунингдек, темир йўл транспортида чегараларни кесиб ўтиш тартибини бошқаришнинг яхлит тизимидан фойдаланиш каби масалаларни ҳал қилиш режалаштирилаётгани ҳақида ахборот берди.

Учрашув якунида транспорт вазири Элёр Ғаниев Ўзбекистон томони бу борадаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net