Тошкент шаҳри транспорт тизимини модернизация қилишда Франция компанияси иштирок этади

18.06.2020 12:24

ТОШКЕНТ, 18 июнь. /«Дунё» АА/. Тошкент шаҳар ҳокимлигида Франция тараққиёт агентлиги ва унинг Тошкентдаги офиси билан ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири шаҳар ҳокимлиги манбасига асосланиб.

Учрашувда «Veolia» компанияси билан биргаликда жорий этилиши кутилаётган иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаси бўйича ишларни давом эттириш муҳимлигига эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматга тақдим этилган Тошкент шаҳрининг транспорт тизимини модернизация ва реконструкция қилиш концепциясини биргаликда амалга ошириш таклифи билдирилди.

Франция тараққиёт агентлигининг Тошкентдаги офиси раҳбари Рафаэл Жозан ҳамкорликда амалий жараёнга киришиш икки томон учун ҳам муҳимлигини таъкидлади.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонқулов пойтахтнинг иссиқлик тизимини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича «Veolia» компанияси тақдим этган концепция ҳукумат томонидан маъқуллангани ва яқин кунларда уни амалга ошириш бўйича тендер танлови ўтказилишини қайд этди.

Франция тараққиёт агентлиги минтақавий вакили Аксел Нос агентлик шаҳар хўжалиги учун муҳим лойиҳаларда иштирок этиш, биргаликда амалга оширишга тайёр эканини айтиб ўтди.Улар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилгач, лойиҳаларни навбатдаги истиқболли режаларга киритиш мумкинлигини билдирди.

Мамлакатимиз вакиллари яқин кунларда Франция томонига Тошкент шаҳрининг транспорт тизимини модернизация ва реконструкция қилиш концепцияси тақдим этилишини маълум қилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net