Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали Хэнань қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорлик қилади

22.12.2020 15:34

ПЕК?Н, 22 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ва Хитой ўртасида олий таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш доирасида мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси томонидан Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали ва Хэнань қишлоқ хўжалиги университети ўртасида онлайн-музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Алибек Камалов, Тошкент Давлат аграр университетининг Нукус филиали директори Ережеп Торениязов, олий ўқув юрти профессор ва ўқитувчилари, Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси вакиллари, Хитой томонидан эса Хэнань қишлоқ хўжалиги университети ректори Чжан Гайпин, ушбу олий ўқув юрти ҳузуридаги институтлар ва марказларнинг проректорлари ҳамда раҳбарлари иштирок этди.

Онлайн-мулоқот ўзбек талабалари ва мутахассисларининг Хэнань университетида био- ва генлар инженерияси, ақлли технологияларни қўллаш, уруғчилик, чорвачилик, балиқчилик, сув ҳамда энергияни тежайдиган технологиялар, чўлланишга қарши кураш ва бошқа йўналишларда таълим олиши ва малака ошириши борасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. Бундан ташқари, томонлар биргаликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш, истиқболда қўшма илмий марказлар барпо этиш имкониятлари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашди.

Тадбирда, шунингдек, мамлакатимизда ҳаётга тадбиқ қилинаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан, таълим соҳасида рўй бераётган ўзгаришлар, Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ўртасида илмий-академик соҳада, энг аввало, қишлоқ хўжалиги ва бошқа жабҳаларда кадрлар тайёрлаш юзасидан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича атрофлича маълумот берилди.

Ўз навбатида, Хитой вакиллари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан  Хэнань қишлоқ хўжалиги университетидаги мавжуд кенг имкониятларга оид маълумот, шунингдек, унинг хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига оид  тажрибасини ўртоқлашди. Университет ректори Чжан Гайпин ўзи раҳбарлик қилаётган олий таълим муассасаси илмий тадқиқот марказлари ва хорижий мамлакатлардаги турдош марказлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилишидаги муҳим жиҳатлар ҳақида атрофлича тўхталди.  

Онлайн-тадбир якунлари бўйича Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали талабалари таҳсил олиши учун талаб мавжуд бўлган йўналишларда Хэнань қишлоқ хўжалиги университетининг грантлари ажратилиши ва таълим ниҳоясига етганидан сўнг уларга бакалавр, магистр ва доктор даражалари берилиши юзасидан келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net