Тимоти Торлот: Буюк Британия ишбилармонлари нефть-газ, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт соҳасига сармоя киритишдан манфаатдор

21.02.2020 11:47

ТОШКЕНТ, 21 февраль. /«Дунё» АА/. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Торлот Фарғонага сафари чоғида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вилоят ҳокимлиги манбасига асосланиб.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида Шуҳрат Ғаниев меҳмонга Фарғона водийси иқтисодий имкониятлари, нефть-газ ва кимё саноати, қурилиш, енгил саноат ва қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Амалга оширилаётган "ақлли шаҳар", "хавфсиз шаҳар" лойиҳалари, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган режалар, урбанизация жараёни юзасидан фикр алмашилди.

Aйни пайтда вилоятда Буюк Британия сармояси иштирокида ташкил этилган 15 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Бу каби корхоналар фаолияти натижасида 2019 йилда мамлакатимизнинг Буюк Британия билан ташқи савдо айланмасида Фарғона вилояти улуши 1 миллион долларга етди. 2018 йил билан солиштирганда, мазкур кўрсаткич бир ярим бараварга кўп.

Мулоқот давомида Ш.Ғаниевнинг маълум қилишича, яқин истиқболга мўлжалланган стратегияга мувофиқ, вилоятдаги тўртта шаҳар ва 15 туманни жадал ривожлантириш, ушбу режаларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, ҳудудда халқ ҳунармандчилиги ва туризмни янада ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эришиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Музокаралар чоғида Тимоти Торлот Буюк Британия ишбилармонлари нефть-газ, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт соҳаларига сармоя киритишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Элчи ушбу йўналишдаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон – Британия савдо кенгаши ҳомийлигида май ойида Лондонда бўлиб ўтадиган Халқаро бизнес форумга Фарғона вилояти делегациясини иштирок этишга таклиф қилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net