Солиқ қўмитаси янги институт ташкил этиш устида ишламоқда

02.03.2020 11:00

ТОШКЕНТ, 2 март /«Дунё» АА/. Давлат солиқ қўмитасида Россия Федерацияси ҳукумати қошидаги молия университети вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда Фискаль институтини ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳар бир солиқ хизмати ходими, тадбиркорлар, солиқ тўловчилар янги Солиқ кодексининг нормаларини тушуниши ва қўллаши кераклиги, бунинг учун уларнинг доимий машғулотларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланганди.

 Мурожаатномада солиқ хизмати ходимларининг ўз ишларига бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш ва малакали кадрлар тайёрлаш учун Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискаль институтини ташкил этиш ва бунинг учун нуфузли хорижий мутахассисларни жалб қилиш таклифини илгари сурилган эди.

Учрашувда Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти томонидан  янги ташкил этиладиган институт солиқ хизмати учун мутлақо янги инновацион ёндашувга асосланган мутахассислар тайёрлайдиган даргоҳ бўлиши таъкидланди. Шунинг учун бу жараёнга тажрибали хорижий экспертлар ва бошқа мамлакатлар университетлари профессор-ўқитувчилари вакиллари жалб қилинмоқда.

— Россия томони Ўзбекистонда молиявий институтни яратиш каби муҳим лойиҳани амалга оширишда ёрдам бериш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёр, — деди Россия Федерацияси ҳукумати қошидаги молия университети солиқ ва солиққа тортиш факультети декани Вадим Заско. — Шу билан бирга, биз ушбу таълим муассасаси қандай ишлаши ҳақида объектив тасаввурга эга бўлишингиз учун ўз вақтида йўл қўйган хато ва камчиликларимиз  ҳақида гапиришга ҳам тайёрмиз.

Молия университети вакиллари Ўзбекистонда янги институтни яратишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни таклиф этди. Бу методология, ўқув жараёнини ташкил этиш, ўқув муассасаси тузилишини шакллантириш, дарсликлар ва ўқув дастурларини яратиш билан боғлиқ бўлади.

Россия Федерацияси ҳукумати қошидаги молия университети ходимлари сафар давомида Молия вазирлиги, Тошкент молия институти, Олий ҳарбий божхона институти, Давлат солиқ қўмитасининг  малака ошириш маркази ва Тошкент солиқ коллежида бўлди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net