Сирдарёда буғ-газ қурилмали электростанцияни қуришга 31 компания қизиқиш билдирди

05.03.2020 11:22

ТОШКЕНТ, 5 март. /«Дунё» АА/. Электр энергетикаси соҳасида  янги лойиҳа – Сирдарё вилоятида буғ-газ қурилмали (БГҚ) электростанциясини қуриш бўйича инвесторлар анжумани бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳани давлат-хусусий шериклиги асосида амалга ошириш белгиланган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Энергетика вазирлиги манбасига таяниб.

Видеоконференция шаклида ўтган тадбир Халқаро молия корпорация билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Унда  «Sumitomo», «Mitsui», «Engie», «EDF», «Kepco», «AcwaPower», «Hyundai», «Mitsubishi», «Marubeni» каби йирик халқаро компаниялар вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистоннинг энергетика сектори, мамлакатда давлат-хусусий шериклиги соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий база, пудрат тендер савдолари предмети бўйича битимлар ҳақида маълумот берилди.

Дунёнинг қатор етакчи компаниялари вакиллари, салоҳиятли инвесторлари Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклиги асосида амалга оширилаётган лойиҳаларда иштирок этишдан манфаатдор эканликларини билдирди.

Якунда 31 та компания тендерда қатнашиш истагини билдирди.

Сирдарё вилоятида давлат-хусусий шериклиги асосида буғ-газ қурилмали электр станциясини қуриш бўйича тендер савдолари икки босқичда ўтказилади. Электр станциясини молиялаштириш, лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация қилиш, техник хизмат кўрсатиш бўйича узоқ муддатли битим тузишда Ҳукумат учун шерик танлов йўли билан аниқланади.

Ушбу лойиҳанинг давлат-хусусий шериклиги асосида муваффақиятли амалга оширилиши электр энергиясини етказиб бериш барқарорлигини ошириш ва табиий газдан самарали фойдаланиш имконини беради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net