Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгаши ўз ишини бошлади

03.02.2021 18:03

ЛОНДОН, 3 февраль. /«Дунё» АА/. Бугун Тошкент вақти билан соат 14.00 да савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгаши (UBTIC)нинг 25-йиғилиши онлайн форматда ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, дастлаб икки мамлакат расмий ва ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий мулоқот учун майдонча сифатида яратилган ушбу ҳамкорлик механизми бугунги кунга келиб савдо, сармоялар, молия, илғор технологиялар ва бошқа соҳаларда мамлакатлараро амалий алоқаларни кучайтириш учун кенг кун тартибига эга бўлган платформага айланди.

Бугунги тадбирга йирик компания ва уюшмалар, молия институтлари ва консалтинг фирмалари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат 750 нафардан ортиқ қатнашчи рўйхатдан ўтгани Ўзбекистон-Британия иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлигидан далолат беради. Улар орасида British Petroleum, Petrofac, Energy Industries Council, Лондон фонд биржаси, Lapwing Advisers Ltd, ЕТТБ, Британия савдо палаталари ассоциацияси, Fieldfisher LLP, The Economist, Euromoney, бошқа етакчи компания ва тузилмалар бор.

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Буюк Британиянинг Халқаро савдо вазирлиги томонидан икки мамлакат элчихоналари иштирокида ташкил этилган икки кунлик тадбир кун тартибига муқобил энергетика, банк-молия сектори, таълим ва соғлиқни сақлаш каби истиқболли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга доир масалалар киритилган.

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирокчиларга қутлов сўзи билан мурожаат қилди.

Томонлар делегацияларига Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ва Буюк Британия Халқаро савдо вазири муовини Грег Хэндс бошчилик қилмоқда.

Ялпи мажлис ва алоҳида мавзуларга бағишланган сессияларда икки мамлакат расмий, бизнес, илмий-академик доираларининг 30 нафардан ортиқ юқори даражадаги вакиллари сўзга чиқиши кутилмоқда.

UBTIC йиғилиши доирасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг батафсил муҳокамаси юзасидан “В2?” ва “В2G” форматларида ҳам музокаралар ўтказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2021 йил учун қўшма тадбирлар режаси ҳамда икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликка оид икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net