Саудия Арабистонидаги ватандошлар Ўзбекистонга салоҳиятли инвесторларни жалб қилишга кўмаклашади

22.08.2020 11:07

АР-Р?ЁД, 22 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонасида ушбу мамлакатда яшовчи тадбиркор ватандошлар билан видеомулоқот шаклида учрашув ўтказилди. Тадбирда “Усул ал-Жавда” ширкати директори Юсуф Муҳаммад Жон иштирок этди ва музокаралар олиб борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Видеоанжуманда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Саудия Арабистони бозорига олиб кириш ва ушбу мамлакат инвестицияларини Ўзбекистонга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда экспортчиларни қўллаб-қувватлашга оид ҳукумат сиёсати, яратилаётган шароит ва енгилликлар ҳақида маълумот берилди. Миллий маҳсулотларимизни Саудия Арабистони бозорига олиб киришда ватандошлар кўмагидан фойдаланиш таклифи илгари сурилди.

Шунингдек, салоҳиятли тадбиркор ватандошларни мамлакатимизда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларида иштирок этишга таклиф қилинди.

Онлайн учрашувда ўзбек диаспораси вакилларига сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, инвесторлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон – Саудия Арабистони ўртасида фаол ҳамкорлик алоқаларининг олиб борилаётгани, хусусан, ташкил этилаётган бизнес-форум, икки давлат тадбиркорлари учрашувлари, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ҳукуматлараро шартнома ва ҳамкорлик дастурлари ижроси ҳақида маълумот  тақдим қилинди. Ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш борасида мамлакатимиз элчихонаси томонидан олиб борилаётган ишлар ва саъй-ҳаракатлар тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Ўз навбатида, Юсуф Муҳаммад Жон ватандошлар номидан Ўзбекистонга бўлган юксак ҳурмати, муҳаббати ва ота-боболари туғилиб ўсган қадрдон диёр ҳамиша қалбларда ардоқланишини қайд этди. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларга ўз ҳиссасини қўшиш истагини билдирди.

Ватандош Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган бағрикенглик ва дўстона руҳдаги сиёсатни юқори баҳолади.

Мулоқот чоғида ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш мақсадида транспорт-логистика хизматларини ривожлантириш, савдо йўлакларини ташкил қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди. Мамлакатимиз элчихонаси вакиллари логистика масаласида Туркиянинг “Мерсин” ва Россиянинг “Новороссийск” денгиз портлари орқали Ўзбекистон маҳсулотларини олиб келиш имкониятлари мавжудлигини маълум қилди.

“Усул ал-Жавда” ширкатига Ўзбекистондан озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилиш имкониятини ўрганиш учун миллий экспортчи компаниялар рўйхати тақдим қилинди.

Тадбирда ватандошларни яқин кунларда ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон – Саудия Арабистони қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар онлайн мулоқотига қатнашишга таклиф этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net