Пекиндаги элчихонада гилос экспорти масалаларига бағишланган вебинар бўлиб ўтди

15.05.2020 17:26

ПЕК?Н, 15 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали аҳоли даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон 2018 йилда гилос экспорт қилувчи мамлакатлар рейтингида тўртинчи ўринга кўтарилди.

Бу борадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари учун "Гилос экспорти мавсуми: хорижий харидорлар талаблари" мавзусида вебинар ташкил қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Онлайн тадбир Хитойдаги дипломатик ваколатхона томонидан “AgroMart” гуруҳи веб-портали ҳамда Ўзбекистон ёш фермерлар кенгаши билан ҳамкорликда Чин юртига гилос экспорт қилувчи 200 нафарга яқин ўзбекистонлик фермер ва тадбиркор иштирокида ташкил этилди.

Тадбир чоғида таъкидланганидек, Хитой гилос импорти бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Шу боис мамлакатимизда етиштирилган гилосни Хитой бозорига олиб киришда мавжуд талабларга алоҳида эътибор бериш зарур.

Онлайн мулоқотда маҳсулотни экспорт қилиш учун уни тайёрлаш, саралаш, қадоқлаш, сақлаш ва юклаш билан боғлиқ ташкилий масалалар юзасидан фикр алмашилди. Хитой чакана савдо тармоқларининг маҳсулот сифатига бўлган талаблари ҳақида маълумот тақдим қилинди.

Элчихонамиз биринчи котиби, экспорт ва логистика масалалари бўйича мутахассис А.Олимхонов вебинар қатнашчиларининг Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан, гилосни олиб кириш учун жорий қилинган тартиб-қоидалар, маҳсулотнинг экспортга тайёрлигини баҳолаш мезонлари, бозорда харидор топиш билан боғлиқ саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

Видеомулоқот якунида Хитой бозорига маҳсулот экспорти бўйича ўзаро маслаҳатлашувларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net