Пекинда Хитой миллий нефть-газ корпорацияси билан музокаралар ўтказилди

26.07.2020 10:14

ПЕК?Н, 26 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикасининг Пекиндаги элчихонасида Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (China National Petroleum Corporation - CNPC) президенти, «PetroChina» директорлар кенгаши раиси ўринбосари Ли Фаньжун билан видеоконференция алоқаси воситасида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий муносабатларда нефть-газ соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоҳида ўрин ва аҳамият касб этади.

CNPC корпорацияси геология-қидирув ишлари, углеводород хомашёсини қазиб олиш ва уни етказиб бериш соҳаларидаги сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда табиий газ савдоси бўйича Ўзбекистон компанияларининг энг муҳим шерикларидан ҳисобланади.

Корпорация президенти билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида COVID-19 пандемияси шароитида нефть-газ жабҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, соҳада манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича режалар ҳам белгилаб олинди.

Эслатиб ўтамиз, CNPC йирик ишлаб чиқарувчи ҳамда Хитойга нефть ва газ етказиб берадиган нуфузли миллий нефть-газ корпорацияси ҳисобланади. Таниқли «Fortune Global 500» нашрининг маълумотларида қайд этилишича, CNPC йиллик тушумлар ҳажмлари бўйича жаҳонда 4-ўринни эгаллайди. Корпорация дунёнинг 35 мамлакатида фаол сармоявий сиёсат олиб бориши билан бирга жаҳоннинг 66 мамлакатида жойлашган нефть-газ иншоотларига техник хизматлар кўрсатади.

 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net