Пекинда Ўзбекистон – Хитой онлайн бизнес-форуми ташкил этилди

24.02.2021 09:54

ПЕК?Н, 24 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз тоғ-кон тармоғини янада ривожлантириш, қазилма конларнинг босқичма-босқич, мажмуали ва самарали ўзлаштириши ҳамда улар замирида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга кўмаклашиш тадбирлари доирасида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси томонидан видеоконференция шаклида Ўзбекистон – Хитой бизнес форуми ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Онлайн-форумда Хитой тижорат вазирлиги, минераллар, металл ва кимё маҳсулотлари импорти ҳамда экспорти бўйича савдо палатаси, Сиань геология институти, шунингдек, геология ва тоғ-кон жабҳасида фаолият кўрсатадиган элликдан зиёд етакчи компания ва корхоналари вакиллари иштирок этди. 

Мамлакатимиз томонидан Геология ва минерал ресурслар қўмитаси, ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг раҳбарлари ҳамда ходимлари қатнашди.

Геология ва минерал ресурслар қўмитаси вакилининг тақдимоти чоғида тармоқнинг ҳозирги ҳолати ва олдинда турган даврга мўлжалланган ривожланиш стратегияси ҳамда хорижлик инвесторлар иштирокида биргаликда амалга ошириш учун режалаштирилган истиқболли лойиҳалар ҳақидаги батафсил маълумотлар анжуманнинг хитойлик иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди.

Тадбир чоғида республикамиз ҳудудида жойлашган қимматбаҳо металлар ва ноёб фойдали қазилмаларнинг йирик конларига доир маълумотлар алоҳида тақдим этилди.

Анжуманда сўзга чиққан Хитой тижорат вазирлиги вакили кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида барча соҳалар ва йўналишлар бўйича юқори ўсувчанлик кузатилаётгани, бу қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт коммуникациялари, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларни қамраб олганини қайд этди.

Хитой томонидан эътироф этилишича, геология ва минерал ресурслар соҳаси икки мамлакат ўртасидаги сармоявий ва савдо шериклигининг янада мустаҳкамланишига қўшимча имкониятлар яратади.  

Минераллар, металл ва кимё маҳсулотлари импорти ҳамда экспорти бўйича савдо палатаси раисининг ўринбосари Лю Чжунхой Ўзбекистоннинг ўз палатасига аъзо корхоналар диққат марказида турган мамлакат эканлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, юқорида санаб ўтилган йўналишларда ўзаро ҳамкорлик учун улкан имкониятлар мавжуд.

У геология ва тоғ-кон тармоғига доир маълумотлар ҳамда лойиҳаларнинг самарали алмашуви бўйича минбар яратиш учун икки мамлакатнинг тегишли идора ва ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришни таклиф этди. 

Лю Чжунхой олтин, вольфрам, темир, мис ва бошқа фойдали қазилма ва минерал ресурслар конларининг янги ҳамда ишлаб турган оьъектлари заминида йирик ва салмоқли сармоявий лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан Хитой компанияларининг фаол жалб этилиши бўйича Минераллар, металл ва кимё маҳсулотлари импорти ҳамда экспорти бўйича савдо палатаси тайёр эканлигини маълум қилди.

Хитой Сиань геология институти директори Ли Чжичжун Геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда илмий-тадқиқот маркази, ўзбек мутахассисларининг малакасини ошириш учун ўқув курслари ташкил этиш, шунингдек, геология соҳасидаги меъёрий ва техникавий ҳужжатларга доир маълумотлар базасини шакллантириш юзасидан ёрдам кўрсатишни таклиф қилди.

Форум якунлари бўйича тақдим этилган маълумотлар ва лойиҳалар асосида Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни амалга оширилишига Хитой компаниялари ва корхоналарининг жалб этилишини янада фаолллаштириш юзасидан ўзаро келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net