Нидерландиялик сармоядор Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда

15.07.2020 17:29

АМСТEРДАМ, 15 июль. /«Дунё» АА /. Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Нидерландиянинг «Geerlofs» компанияси экспорт бўйича менежери Питер Роббемонт билан меваларни музлатиш учун замонавий технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича онлайн музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

1933 йилда ташкил этилган «Geerlofs»  компанияси тез бузиладиган маҳсулотлар — гуллар, сабзавотлар, мевалар, гўшт ва балиқларни сақлаш учун музлатгичлар ҳамда омборхоналар ишлаб чиқариш, ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. «Geerlofs» нинг Хитой, Эфиопия, Кения, Россия ва Цингапурда ваколатхоналари, шунингдек, кўплаб бошқа мамлакатларда вакиллари ва ҳамкорлари бор.

Компания Ўзбекистон бозорида 2014 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. 6 йиллик ҳамкорлик давомида Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 9 та йирик совитиш ускуналари лойиҳалари амалга оширилди. Суҳбатдош Ўзбекистонда хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва республикада бизнесни ривожлантириш учун қулай шароит мавжудлигини таъкидлади.

— Ўзбекистон бизнес муваффақиятли ривожланаётган давлатлар қаторига киради. «Geerlofs» кўп йиллар давомида инсон капиталига сармоя киритиб, хизматларни тақдим этиб келмоқда. Айни пайтда Нидерландия компанияси Фарғона вилоятининг Қува туманида совитгичли омборхоналар қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Нидерландия  компанияси вакили ўз режалари билан бўлишар экан, «Geerlofs» республикадаги иштирокини кенгайтиришни, шу жумладан, Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида янги музлатгичли омборхоналарни ташкил этиш ниятида эканини айтди.

Унинг қайд этишича, «Geerlofs» технологияларининг ўзига хос хусусияти — вазн ва намликда минимал йўқотишларга эга маҳсулотларнинг янгилигини сақлаш учун замонавий технологиялардан фойдаланишидадир. Бунга энг кам карбонат ангидрид миқдори бўлган муҳитни яратиш орқали эришилади. Назорат қилинадиган газ муҳити тизими бўлган камералар яратилиб, улар маҳсулотларни бир йилгача сақлашга имкон беради.

Бундан ташқари, махсус PLS дастури лойиҳани масофадан бошқариш ва ҳар бир камерани алоҳида созлаш имконини беради. Агар мижоз музлатгични ижарага олса, бу технология жуда зарур.

Музокаралар якунида ўзбекистонлик фермерлар учун музлатгичли омборхоналарни  қуриш бўйича тренинглар ва вебинарларни ташкил қилиш ҳамда республика минтақаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net